Эронда миллий валюта, риалнинг қадрсизланиши ва молиявий вазиятнинг кескин ёмонлашуви ортидан мамлакат бўйлаб кенг кўламли норозилик намойишлари авж олди. Теҳрон ва бошқа йирик шаҳарларда 2022 йилдан бери бундай қамровдаги норозиликлар юз бермаган, дейилади Евроньюс хабарида.
Душанба куни 1 АҚШ долларининг курси 1,4 миллион риалдан ошиб, тарихий энг паст даражага тушди. Эрон Марказий банки раҳбари Муҳаммад Ризо Фарзиннинг истеъфоси вазиятни янада кескинлаштирди. Норозиликларнинг асосий маркази Теҳрондаги Гранд-бозор атрофида юз бермоқда. Бу ерда савдогарлар оммавий равишда дўконларини ёпишган. Ушбу ҳаракатлар Эроннинг бошқа йирик шаҳарларида ҳам қўллаб-қувватланди.
Намойиш иштирокчилари молиявий инқирознинг янада чуқурлашишидан хавотир олишмоқда. Валютанинг кескин қадрсизланиши инфляция босимини кучайтириб, аҳоли учун озиқ-овқат, дори-дармон ва кундалик эҳтиёж товарлари нархининг ошиб кетишига сабаб бўлмоқда.
Давлат статистика маркази маълумотларига кўра, декабрь ойида инфляция даражаси 42 фоиздан ошган. Охирги бир йил ичида озиқ-овқат маҳсулотлари нархи 72 фоизга, дори-дармон ва тиббий маҳсулотлар нархи эса 50 фоизга ошган.
Ҳукуматнинг 21 мартда яъни янги йилдан солиқларни ошириш режалари ҳақидаги хабарлар жамоатчиликда янада катта ташвиш уйғотмоқда.
Шунингдек, 2019 йилдан бери илк бор бензин нархлари ҳам кўтарилган. Келаси йил бюджети лойиҳасида маошлар ва пенсияларни 20 фоизга индексация қилиш кўзда тутилган бўлса-да, бу кўрсаткич амалдаги инфляция даражасидан анча паст.
Ижтимоий тармоқлар ва интернетда тарқалган видеоларда Эрон шаҳарлари кўчаларида ҳуқуқ-тартибот органлари ва махсус бўлинмаларнинг кучайтирилган тарзда жойлаштирилгани акс этган. Айрим жойларда намойишчилар билан тўқнашувлар, одамларни куч ишлатиб тарқатиш ҳолатлари кузатилгани хабар қилинмоқда.
Шу билан бирга, ижтимоий тармоқларда норозилик акцияларини яна давом эттиришга чақириқлар пайдо бўлди. Эрон ҳокимияти эса юзага келган вазиятни ташқи кучлар томонидан амалга оширилаётган “психологик ва иқтисодий босим” билан изоҳламоқда.
Эрон 40 йилдан ортиқ вақтдан бери халқаро санкциялар остида яшаб келмоқда. Мамлакат нефтини тўлиқ ҳажмда экспорт қила олмайди, чунки ташқи молиявий активлари музлатилган. Июнь ойида АҚШ кўмагида Исроил томонидан Эроннинг ядровий объектларига авиа зарбаларберилди. Бу эса Теҳрон ва Вашингтон ўртасида санкцияларни юмшатиш бўйича олиб борилган бир неча ойлик музокараларни яна тўхтатиб қўйди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/a6iLNDCzRsM" title="Eronda iqtisodiy inqiroz chuqurlashmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Кенжа Бекжонов, Нишонбой Абдувоитов, ЎзА