Эронда “ақлли видеокамералар” ишга тушмоқда
Эрон Ички ишлар вазирлиги мамлакатнинг жамоат жойлари ва кўчаларда ҳижобсиз юрган ёки уни нотўғри қўллаган аёлларни аниқлаш учун “ақлли видеокамералар” ўрнатиш бошлангани тўғрисида маълум қилди. Бу ҳақда “Tasnim” агентлиги хабар берди.
Мазкур тадбир “фуқаролар ўртасидаги кескинлик ва инқироз” ҳамда “Ҳижоб тўғрисидаги қонунга қаршилик кўрсатиш”нинг олдини олишга қаратилган.
“Reuters” агентлигига кўра, қонунбузарлар бўйсунмасликнинг “оқибати тўғрисида огоҳлантирилади.
Аввалроқ Эрон ҳукумати мамлакатда талаба-ўқувчи аёлларнинг ҳижобсиз университетлар ва бошқа таълим муассасаларига боришларини тақиқлаши тўғрисида айтган эди.
ЎзА