Исроил билан июнь ойидаги 12 кунлик низодан сўнг Ислом Республикасининг ядровий дастури атрофидаги баҳслар янада кучайди. Ҳаво зарбалари натижасида Эроннинг асосий ядровий объектлари жиддий шикаст олгани ортидан мамлакат раҳбарияти ядровий қурол яратишга яширинча рухсат бергани ҳақида тахминлар пайдо бўлди.
АҚШ томони ҳозирча бундай қарор қабул қилинганини тасдиқламаяпти. Расмийларга кўра, Теҳрон ҳали ҳам ядровий қурол яратиш дастурини расман бошламаган. Ғарб матбуоти Эронда ядровий қурол мавзуси очиқ муҳокама қилинаётгани, бу эса сиёсий ва ҳарбий доираларда кайфият ўзгарганидан далолат беришини қайд этмоқда.

Италиядаги ISPI таҳлил маркази эса мутлақо бошқача манзарани тасвирламоқда. Унга кўра, ўлка олий раҳбари Хоманаий 2024 йил кузида баллистик ракеталар учун мўлжалланган ихчам ядровий зарядлар ишлаб чиқишга рухсат берган бўлиши мумкин. Бироқ уранни 90 фоизгача бойитиш бўйича ҳали қарор қабул қилинмагани айтилмоқда.
Экспертлар фикрича, техник жиҳатдан Эрон имкониятлари анча юқори. Халқаро атом энергияси агентлиги маълум қилишича, Исроил билан зиддиятдан олдин Теҳрон ихтиёрида 60 фоизгача бойитилган 440 килограммдан ортиқ уран бўлган. Бу кўрсаткич ядровий қурол учун керакли даражага жуда яқин. Аммо ядровий зарядни ихчам ҳолатда ракеталарга жойлаштириш анча мураккаб ва йиллар талаб қиладиган жараён.
Эрон парламенти аъзолари ва олий раҳбарга яқин маслаҳатчилар мамлакатга таҳдид юзага келса, мудофаа доктринаси ўзгариши мумкинлигини очиқ айтмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА