Агар Теҳроннинг ядровий қурол дастуридан воз кечиши Эрон ва АҚШ музокараси асосий мавзусига айланса, дарҳол келишувга эришиш мумкин, дея баёнот берди Олий раҳнамо Оятуллоҳ Али Ҳумонаийнинг катта маслаҳатчиси Али Шамҳоний.
Ислом Республикаси Мудофаа кенгаши котиби бўлган Шамҳоний ижтимоий тармоқ орқали Швейцариянинг Женева шаҳрида бўлиб ўтаётган мулоқотнинг навбатдаги босқичига изоҳ бераркан, шундай деди:
– Агар музокара давомида асосий масала сифатида ядро қуроли яратилишига йўл қўймаслик мавзуси кўтарилса, бу Эрон раҳбарининг диний фармони ва мамлакат мудофаа доктринасига тўғри келади. Шунда тезкор келишувга эришиш мумкин. Музокара учун асосий масъул ҳисобланган ташқи ишлар вазири Аббос Арағчий бундай битимни тузиш учун етарли даражада қўллаб-қувватлов ва ваколатга эга.
Кеча эрталаб Эрон ва Қўшма Штатлар делегациялари Женевадаги Ўмон элчихонасида ўзаро кескинлик ва АҚШнинг Ғарбий Осиёдаги ҳарбий иштироки кучайиши асносида музокаранинг учинчи даврасини бошлади. Дастлабки икки босқич ой бошида Маскатда ва Женевада бўлиб ўтган.
Г.Сатторова, ЎзА