Эрон ташқи ишлар вазирининг ҳуқуқий ва халқаро масалалар бўйича ўринбосари Казем Ғарибободий Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ)га аъзо давлатларнинг қўшма аксилтеррор машғулотлари бошланганини маълум қилди.
“IRNA” ахборот агентлиги ёзишича, тадбир ташкилотга аъзо мамлакатларнинг юқори мартабали делегациялари иштирокида ўтказилмоқда.
Ғарибободий ушбу йиғиннинг ўтказилишини “минтақавий хавфсизликнинг янги архитектурасини шакллантириш доирасида ҳаракатларни мувофиқлаштириш ва коалицияларни яратиш” йўлидаги стратегик қадам сифатида баҳолади.

– Теҳрон террорчилик таҳдидларининг турли кўринишларини зарарсизлантириш бўйича катта тажриба тўплаган, -деди у. – Бу галги ўқув машғулотлари ушбу тажрибани ўртоқлашиш ва терроризмга қарши курашда ШҲТга аъзо мамлакатлар ўртасидаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришда самарали платформага айланади.
Қайд этилишча, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг “Саҳанд-Антитеррор 2025” қўшма аксилтеррор машғулотлари мунтазам такомиллашиб бормоқда. Ўқув машғулотлари Шарқий Озарбайжонда Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси қуруқликдаги қўшинлари шафелигида ШҲТга аъзо мамлакатлар иштирокида ўтказилмоқда.
Г.Сатторова, ЎзА