Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Эрон ТИВ раҳбари ва Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси учрашувини жаҳон ОАВ қандай талқин қиляпти?
21:26 / 2024-10-10

Бугун жаҳоннинг марказий ахборот манбалари Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арақчийнинг Ар-Риёдга расмий ташрифи доирасида Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон билан учрашганига алоҳида эътибор қаратмоқда.

“Reuters” ёзишича, бу мулоқот чоғида Исроилнинг минтақадаги тажовузи ва икки томонлама масалалар кўриб чиқилган.

– Шаҳзода минтақадаги инқироз кучайиши, уруш авж олишидан чуқур хавотир билдираркан, барча давлатлар минтақавий барқарорлик ва хавфсизликни сақлашга алоҳида эътибор қаратиши кераклигини таъкидлади, – деб ёзган “Arab News”. – Бин Салмон, шунингдек, ўтган йил Эрон ва Саудия ўртасида эришилган келишувлар ижросидан мамнунлигини айтиб, икки томонлама муносабат ижобий ривожланишига ишонч билдирган.

Ташқи ишлар вазири, ўз навбатида, яхши қўшничилик муносабатини чуқурлаштириш Эрон ҳукумати учун устувор аҳамият касб этишини таъкидлаб, Теҳрон минтақавий барқарорлик, хавфсизлик, фаровонлик ва иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш тарафдори эканига урғу берган.

Эрон ТИВ сайтида эълон қилинган хабарга кўра, Арақчий сўнгги минтақавий ўзгаришлар, жумладан Ливан ва Сурияга ташрифи ҳақида гапириб, маҳаллий расмийлар билан маслаҳатлашув ўтказганини очиқлаган. Минтақадаги барча давлатлар жипслашиши, Исроил ҳужумларини зудлик билан тўхтатиш, Ғазо ва Ливандаги инфратузилмани батамом йўқ қилишига йўл қўймаслик учун бор имкониятни ишга солиш муҳимлигини қўшимча қилган.

“The Times of Israel” ҳам ушбу мулоқотни эътиборсиз қолдирмади.

– Энг йирик нефть экспортчиси Саудия Арабистони сўнгги йилларда Теҳрон билан сиёсий яқинлашувга эришди. Бу минтақадаги кескинликни юмшатишга ёрдам берса-да, муносабатлар қийинлигича қолмоқда. Яқин Шарқ ўтган ҳафта Эрон амалга оширган ҳужумга Исроилнинг жавобини кутяпти. Теҳрон 1 октябрь куни Ҳизбуллоҳ етакчиси Ҳасан Насруллоҳ ўлдирилишига жавоб тариқасида Исроилга қарата 200 га яқин баллистик ракета учирди, – дейилган ахборотда.
Икки мамлакат вакиллари мулоқоти орқали муносабат даражасига баҳо бераётган, турли ракурсдан талқин қилаётган ахборот агентликлари орасида Хитойнинг “Синьхуа” нашри ҳам бор. Манба ўқувчилар эътиборини Эрон ва Саудия Арабистони ўтган йил апрелда зудлик билан дипломатик муносабат тикланишини расман эълон қилганига қаратди.

– Саудия 2016 йил бошида мамлакатнинг Эрондаги дипломатик ваколатхоналарига уюштирилган ҳужумга жавобан дипломатик алоқани узган эди, Эроннинг бу ҳаракати Саудияда шиа уламоси қатл этилиши ортидан содир бўлган, – дея воқеани эслатган Хитой нашри.

Эрон ТИВ, шунингдек, минтақада барқарорлик ва хавфсизликка эришиш учун Исроил тажовузини зудлик билан тўхтатиш зарурлигини қайд этяпти. Ижтимоий тармоқдаги изоҳида Арақчий бин Салмон билан учрашувда икки давлатнинг муштарак ташвишларига оид муҳим масалалар муҳокама қилинганини айтди. Бир кунлик зиёрат доирасида у ҳамкасби Файсал бин Фарҳон билан ҳам учрашган.

Эрон вазири Ар-Риёддаги музокаралардан сўнг Доҳада юқори мартабали расмийлар билан учрашиш учун Қатарга йўл олган.

Беҳруз Худойбердиев, ЎзА