Эрон ҳукуматининг таъкидлашича, США ядро келишувига қайтиши учун Эронга нисбатан қўллаётган иқтисодий санкцияни бекор қилиши, мазкур битимнинг барбод бўлишида ўз айбини зиммасига олиши ҳамда кейинчалик бундай ҳаракатлар такрорланишига йўл қўймасликка ваъда бериши керак, деди Эрон ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Саид Хатибзода. Бу ҳақда РИА Новости хабар бермоқда.
"Америка Қўшма штатлари шуни билиши керакки, улар ядро келишувига аъзо эмас ва ушбу келишув доирасида бошқа аъзо давлатлардан ниманидир сўрошга ҳаққи йўқ. АҚШнинг ядро келишувига қайтиш йўли аниқ", — деди у матбуот анжуманида.
2015 йилда Буюк Британия, Германия, Хитой, Россия, АҚШ, Франция ва Эрон Қўшма кенг миқёсли ҳаракат режасини имзолаганди. Келишувда Эронга қўлланилаётган иқтисодий санкция бекор қилиниши эвазига Эрон ядро қуролини ишлаб чиқмаслиги назарда тутилган эди.
2018 йилда АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп мазкур келишувдан бир томонлама чиқиш ва Эронга нисбатан оғир иқтисодий чораларни яна қайта тиклаш бўйича қарор қабул қилди. Бунга жавобан, Эрон келишувда зиммасига олган мажбуриятларни босқичма-босқич қисқартириши ва уронни бойитишни бошлаши ҳақида маълум қилди.