Эронда оммавий норозилик намойиши бошлангандан бери биринчи марта расман ўлим сони эълон қилинди. Бу рақамлар хорижий инсон ҳуқуқи ташкилотлари томонидан айтиб келинган маълумотлардан сезиларли даражада фарқ қилади.
Расмий оммавий ахборот воситалари ёзишича, 1979 йил Ислом Республикаси ташкил этилгандан бери ҳалок бўлганларни кузатиб борувчи давлат агентлиги ҳисобланган Шаҳидлар ва фахрийлар жамғармаси сўнгги ҳафталарда юз берган фожиали воқеалар туфайли 3117 киши ҳаётдан кўз юмганини тасдиқлаган.
Баёнотда таъкидланишича, улардан 2427 нафари аҳоли вакиллари ёки хавфсизлик кучлари ходимлари.
Ушбу маълумот мамлакат суд тизими билан боғлиқ Эрон суд-тиббиёт ташкилоти ҳисоботига асосланган. Воқеалар “террор ҳодисаси”сифатида таснифланди, қурбонларнинг салмоқли қисми тартибсиз отишма ва зўравонлик қурбони бўлган “шаҳидлар” дея таърифланди. Шунингдек, баъзи намойишчилар оломон орасида “уюшган террорчи унсурлар” томонидан ўлдирилгани даъво қилинмоқда.
Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳисоб-китоби эсабошқачароқ. Хусусан, Эрон ҳукуматини танқид қилувчи АҚШда жойлашган HRANA ахборот агентлиги 4500 дан ортиқ норозилик қурбонларининг аксарияти намойишчилар эканини таъкидлаган.
Расмийлар, жумладан Президент Масъуд Пезешкиён ва ташқи ишлар вазири Аббос Арағчий бундай статистикани очиқча инкор этишган.
Маълумки, Эрон охирги шоҳи ўғли Ризо Паҳлавийнинг муайян чоралар кўришга чақирувидан кейин норозилик намойиши ва кўча тўқнашувлари кучайди. Шундан кейин расмийлар АҚШ ва Исроилни “нотинчлик қўзғатувчилари” сифатида давлат ва хусусий мулкларга ҳужумни қўллаб-қувватлашда айбладилар. Полиция юзлаб ҳибсга олинганлар ҳақида хабар берди, суд тизими зўравонлик ва вандализмга алоқадорларга нисбатан “юмшоқ муносабат” бўлмаслигини билдирди.
Шу аснода АҚШ ва Европанинг қатор мамлакатлари Эронга қарши янги санкция жорий этиб, расмийларни “норозилик намойишини кескин бостириш”да айблади. Европа парламенти Эрон дипломатлари билан алоқани чеклади, мамлакат ташқи ишлар вазири номига юборилган Давосдаги Жаҳон иқтисодий форуми таклифномаси бекор қилинди.
Олий миллий хавфсизлик кенгаши сўнгги ҳафталардаги воқеалар разведка идоралари томонидан июнь ойида содир бўлган 12 кунлик урушнинг давоми сифатида баҳоланганини маълум қилди. АҚШ ва Исроилни вазиятни кескинлаштириш, ижтимоий бирдамликни бузиш ва “миллий иродани синдириш”га уринишда айблади.
Г.Сатторова, ЎзА