Душанба кунги эрталабки савдоларда дунё бозорида нефть нархи кўтарилди. АҚШ ва Исроилнинг Эронга ҳужумлари Теҳроннинг тезкор жавоб ҳаракатларига сабаб бўлди ва бир неча Яқин Шарқ давлатларида нефть ва газ активлари хавф остида қолди, деб хабар берди Evronews.
Савдолар бошланишида АҚШ стандарт нефти баррели тахминан 8%га кўтарилган. Brent маркали нефти эса 6,2% га кўтарилиб, 77 доллардан ошган. Трейдерлар Эрон ва бошқа Яқин Шарқ давлатларидан нефть етказиб бериш секинлашиши ёки бутунлай тўхтаб қолиши мумкинлигини ҳисобга олмоқда. Хусусан, Ҳормуз бўғози орқали икки кемага ҳужум қилингани мамлакатларнинг нефть экспорт қилиш имкониятини чеклади.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, дунё нефти ва табиий газнинг тахминан бешдан бири Ҳормуз бўғози орқали ўтади. Бу шунчаки канал эмас, балки глобал энергетика тизимининг асосий қон томири ҳисобланади.
Агар, можаро узоқ давом этса, нафақат нефть, балки бошқа ёнилғи турлари нархи ҳам ошиши ва дунё иқтисодиётига таъсир қилиши мумкин. Чунки, энергия барча ишлаб чиқаришнинг асосий хом ашёси саналади.
Эрон кунига тахминан 1,6 миллион баррель нефть экспорт қилади, асосан Хитойга. Агар Эрондан экспорт тўхтаса, Пекин бозорида ҳам нархларнинг ўсишига сабаб бўлиши мумкин. Бироқ Хитойда 1,5 миллиард баррель нефть захираси мавжуд ва Россиядан импорт орқали қисқарган нефть таъминотини қоплаши мумкин. Мутахассислар эса, барибир, нефть бозоридаги ўзгаришларга тайёр туришни маслаҳат беришмоқда.
Яқин Шарқдаги можаро нафақат энергия бозорида, балки глобал иқтисодиётга ҳам катта таъсир кўрсатиши мумкин. Нефть ва газ тақчиллиги ҳамда нархларнинг ошиши барча иқтисодий жараёнларни тўсиши эҳтимол қилинмоқда.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/RFzT6YVPmr4" title="Eron mojarosi oqibatida neft narxi oshdi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Кенжа Бекжонов, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА