Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Эрон "Миллатлар лигаси – 2025" ғолиби (+видео)
22:09 / 2025-06-04

Фарғонада волейбол бўйича эркаклар ўртасида “Миллатлар лигаси – 2025” Марказий Осиё чемпионат бўлиб ўтди. Унда Эрон, Ҳиндистон, Покистон, Қозоғистон, Қирғиз Республикаси, Туркманистон ва Ўзбекистон жамоалари бир неча кун давомида ўзаро баҳслашдилар.

Марказий Осиё волейбол ассосацияси (CAVA) мусобақаларни юқори савияда ташкил этди. Жамоалар дастлаб икки гуруҳга бўлинди. Эрон, Ўзбекистон, Ҳиндистон ва Туркманистон тўртлигидан ярим финалга Эрон ва Ҳиндистон жамоалари, иккинчи учлик гуруҳидан эса Покистон ва Қозоғистон жамоалари чиқишди. Покистон ва Қозоғистон устидан ишончли ғалаба қозонган Эрон ҳамда Ҳиндистон финалгача етиб келди.

Дастлаб учинчи ўрин учун Покистон ва Қозоғистон волейболчилари майдонга тушди. Ғоят шиддатли ўтган ўйинда 3:1 ҳисобида покистонликлар ишончли ғалабага эришди ва мусобақа бронза медалига сазовор бўлишди.

Бош соврин учун ўйин асабий ҳолатда бошланди. Чунки мутахассислар фавворит деб эронлик волейболчиларни тилга олишган эди. Лекин биринчи бўлимда Ҳиндистон жамоаси дастлаб ҳисобда анча олдинлаб кетди. Айниқса, 3 рақамда ўйнаган Тангхалатхил Жон Шоннинг сакраб туриб йўллаган зарбалари ҳар гал ҳисобни оширар эди. Аммо бўлим ўртасига келганда эронликларга омад кулиб боқдими, ҳисоб тенглашди, 14:14. Энди ҳар бир тўп ошириш бўлим натижасига таъсир кўрсатар эди. Эрон терма жамоаси бош мураббийи Акбари Пейман танаффус сўраб олди ва шогирдларини руҳлантирадиган йўл-йўриқ берди. Натижада ўйин улар томон оға бошлади ва ниҳоят биринчи бўлимда ғалаба қозонишди.

[gallery-23768]

Иккинчи ва учинчи бўлимлар ҳам тенг курашларда ўтди. Эроннинг 13 рақамли волейболчиси Рамейзони Али ва 3 рақам эгаси Саодати Балдеҳ Саид бор маҳоратини ишга солиб жамоага кетма-кет очко келтирди. Натижада 3:0 ҳисобида ғалаба қозонган Эрон жамоаси турнир ғолиби, Ҳиндистон эса иккинчи бўлди.

– “Миллатлар лигаси – 2025” ўйинлари ғолиби бўлганимиздан қувончдаман. Чунки Ҳиндистон, Покистон, Қозоғистон жамоалари ҳам юқори маҳорат кўрсатдилар. Бу ғалаба Эронда волейболга бўлган муносабат натижаси дейиш мумкин. Бизнинг юртда волейболни ҳамма яхши кўради ва ёшу кексалар учун минглаб клублар, майдонлар ташкил этилган, – дейди Эрон жамоасининг бош мураббийи Акбари Пейман. – Ўзбекистон, Фарғона бизга жуда ёқди. Меҳмондўстлик ва яратилган қулай шароит учун уларга миннатдорчилик билдираман.

Ғолибларни тақдирлаш тантаналари кўтаринки руҳда бўлиб ўтди. Ташкилотчилар ва Фарғона вилояти ҳокимлиги ғолиблар Эрон, Ҳиндистон ва Покистон жамоасини олтин, кумуш ва бронза медаллари билан тақдирладилар ҳамда эсдалик совғалари тақдим этишди.

<iframe width="640" height="480" src="https://www.youtube.com/embed/JOc-mmklEzU?si=dqvkatQjESEqIl1v" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Муҳаммаджон Обидов,

Элёр Олимов(сурат, видео), ЎзА