Яқин Шарқдаги энг хавфли геосиёсий қарама-қаршиликлардан бири ҳисобланган Эрон – Исроил зиддияти сўнгги икки йилда очиқ ҳарбий тўқнашув босқичига яқинлашди.
Ниҳоят февраль ойи охирида Исроил рақибига қарши зарба берганини маълум қилди. Теҳрон ва бошқа бир неча шаҳарда портлаш кузатилди. Амалиёт Ислом Республикасининг ядровий ва ракета дастурини тўхтатиш мақсадида амалга оширилгани таъкидланди.

Айрим маълумотларга кўра, АҚШ билан мувофиқлаштирилган ушбу ҳужумда бир неча ҳарбий манзил нишонга олинган. Эрон томони жавоб чоралари кўрилишини билдириб, минтақадаги Америка базаларига зарба йўллаш эҳтимолини истисно қилмаган.
Халқаро таҳлилчилар бу воқеани охирги ўн йилликдаги энг хавфли низолардан бири сифатида баҳоламоқда. Зеро, Эрон ва Исроил қарама-қаршилиги кўп йил давомида асосан соядаги уруш тарзида прокси кучлар орқали олиб борилган. Энди эса томонлар бир-бирига бевосита зарба бермоқда.
Соядаги урушдан очиқ тўқнашувга
Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддият тарихи ўтган асрга бориб тақалади. 1979 йил юз берган Ислом инқилобидан кейин Теҳрон Исроилни расман душман ҳисоблай бошлади. Шу тариқа ўзаро муносабат дипломатик даражадан тўлиқ ҳарбий-стратегик рақобатга айланди. Узоқ вақт бу рақобат асосан уч фронтда кечди: разведка амалиёти, кибер ҳужум ва минтақадаги мойил кучлар орқали босим. 2024 йилда эса вазият кескин ўзгарди. Суриядаги Эрон дипломатия ваколатхонасига берилган ҳаво зарбасидан кейин Эрон илк бор Исроилга бевосита юзлаб дрон ва ракета учирди. Натижада икки давлат ўртасидаги қарама-қаршилик янги босқичга чиқди. Айни воқеа стратегик нуқтаи назардан муҳим бурилиш бўлди. Бинобарин, шу пайтгача Эрон Исроилга тўғридан-тўғри ҳужум қилишдан тийилиб келган эди.
2025 йилги уруш
2025 йил июнь ойида вазият янада кескинлашди. Исроил Эроннинг ядровий объектлари, ракета базалари ва энергетика инфратузилмасига қатор зарбалар берди. Бу амалиёт эҳтимолий ядровий қурол дастурини тўхтатиш мақсадида амалга оширилгани таъкидланди. Ислом Республикаси эса юзлаб баллистик ракета ва дрон орқали жавоб йўллади. Таҳлилчилар фикрича, ушбу 12 кунлик уруш минтақанинг стратегик манзарасини тубдан ўзгартирди. Мазкур воқеа Теҳрон учун 1988 йилдан кейинги энг оғир ҳарбий синовлардан бири бўлгани қайд этилади. Урушдан кейин икки давлат ўртасидаги қизил чизиқлар деярли йўқолди. Аввалги йилларда томонлар тўғридан-тўғри ҳужум қилишдан қочган бўлса, энди бундай чеклов амалда ишламай қолди.
Мутахассислар можаро авж олишига асосий сабаб сифатида бир неча омилни кўрсатади. Биринчи – ядровий дастур. Ғарб давлатлари Эрон ядро қуроли яратишга яқин, деб ҳисоблайди. Айрим ҳисоботларда ушбу мамлакат назарий жиҳатдан бир нечта ядровий бомба тайёрлаш имконини берадиган 60 фоизгача бойитилган уран захирасига эгалиги келтирилади. Ислом Республикаси бундай айбловни инкор этиб келади ва ўз дастури фақат тинчлик мақсадига қаратилганини таъкидлайди.
Иккинчи омил – минтақавий таъсир учун кураш. Эрон Ливандаги Ҳизбуллоҳ, Ғазодаги гуруҳлар ва Яман ҳусийларини қўллаб-қувватлайди. Исроил эса буни ўз хавфсизлигига таҳдид, деб ҳисоблайди. Шу боис яҳудий давлати рақиб инфратузилмасини олдиндан йўқ қилиш стратегиясини маъқул кўради.
Учинчи омил – Ғазо уруши ва 2023 йилдан кейинги вазият. ҲАМАС ҳужумидан кейин Исроил минтақадаги барча душманларига нисбатан анчайин тажовузкор муносабат билдирмоқда. Бундай стратегия ҳам Эрон билан тўқнашув эҳтимолини кескин оширади.
Қудратли давлатлар манфаати
Эрон – Исроил можароси аллақачон шунчаки икки давлат ўртасидаги зиддият доирасидан чиқиб, глобал геосиёсатнинг бир қисмига айланган. АҚШ асосий стратегик иттифоқчи сифатида Исроилни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб келади. Масалан, 2026 йил АҚШ минтақадаги салоҳиятини ошириш мақсадида замонавий F-22 қирувчи самолётларини Исроилга жойлаштирди. Россия ва бошқа айрим давлатлар эса Эрон билан дипломатик ва ҳарбий ҳамкорликни кучайтирмоқда. Хусусан, Москва ва Теҳрон ўртасида янги ҳаво ҳимоя тизими бўйича келишув муҳокама қилингани айтилади. Демак, можаро йирик геосиёсий рақобатга айланаётгандек.
Охирги зарбалар туфайли низо янада хавфли босқичга кўчди. АҚШ ва Исроил Эрондаги қатор объектларга ҳужум уюштиргани ҳақида хабарлар тарқалди. Эрон ҳам жавоб берилганини маълум қилди. Айрим таҳлилчилар бу ҳаракатларни минтақавий урушнинг илк босқичи сифатида баҳоламоқда.
Энди нима бўлади?
Ҳозир дунё экспертлари воқеалар бир неча эҳтимолий йўналишда ривожланишини башорат қилмоқда. Биринчиси – чекланган уруш. Айни ҳолатда томонлар бир-бирига зарба беришда давом этади, аммо тўлақонли минтақавий урушга киришмайди. Сўнгги йиллар солномаси айнан шу мазмунга яқин.
Иккинчиси – минтақавий эскалация. Агар урушга Ҳизбуллоҳ, хусийлар ёки бошқа кучлар тўлиқ қўшилса, бутун Яқин Шарқ қамраб олиниши мумкин.
Учинчи сценарий – дипломатик келишув. Европа давлатлари ва халқаро ташкилотлар Эроннинг ядровий дастури бўйича музокарани тиклашга уринмоқда.
Хулоса шуки, Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддият нафақат икки давлат хавфсизлиги, балки бутун Яқин Шарқ барқарорлиги учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Мабодо, дипломатик механизм ишламаса, бу қарама-қаршилик XXI асрнинг энг йирик минтақавий урушига айланиши эҳтимоли йўқ эмас.
Дилшод Ҳакимов,
ЎзА шарҳловчиси