Эрон ҳукумати ва Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) Исроил ва АҚШ ҳаво ҳужуми натижасида Олий Раҳбар Ҳумонаий вафот этганини тасдиқлади.
Мамлакат бўйлаб 40 кунлик миллий мотам эълон қилинди.
– ...Ва бу гал тўлиқ куч ва қатъият билан, Ислом уммати ва дунёнинг озод халқига таяниб, биз ушбу улкан жиноятни содир этганлар ва ташкилотчиларни ўз қилмишларидан пушаймон қилишга мажбурлаймиз, – дея таъкидланган ҳукумат расмий баёнотида.
ИИҚК матбуот хизмати “Қуролли кучлар тарихидаги энг йирик ҳужумкор амалиёт” яқинда бошланишини эълон қилди.

Исроил армияси матбуот хизмати маълумотига кўра, ҳаво ҳужуми мамлакат ҳарбий раҳбариятининг юқори лавозимли вакиллари тўпланган бир неча жойга олдиндан огоҳлантирувчи зарбалар билан бошланган. Оқибатда Олий раҳбарнинг хавфсизлик бўйича шахсий маслаҳатчиси, Хавфсизлик кенгаши котиби Али Шамҳоний ҳалок бўлган. Таъкидланишича, у мамлакатнинг хавфсизлик бўйича қарор қабул қилиш жараёнида етакчи ҳисобланган.

Шунингдек, мамлакат мудофаа вазири Азиз Носирзода, ИИҚК бош қўмондони Муҳаммад Покпур, Разведка бошқармаси бошлиғи Солиҳ Асадий, Олий раҳбар ҳузуридаги Ҳарбий бошқарма бошлиғи Муҳаммад Шерозий, Мудофаа инновацияси ва тадқиқоти ташкилоти (SPND) раиси Ҳусайн Жабол Амалиён, SPND собиқ раиси Ризо Музаффарий-Ниё ҳам қурбон бўлган.

Ҳумонаийнинг ўрнини ким эгаллайди?
Ҳумонаий якка ҳоким етакчи бўлиб, унинг вориси масаласи олдиндан ўйланган, деб ёзди “The New York Times”.
Шанба куни ҳаво ҳужумидан олдин Ҳумонаий мамлакат ва режимни омон қолишга тайёрлаш учун эҳтиёт чорасини кўрди. У бошқарувни энг яқин иттифоқчиларидан бири, ҳозир Миллий Хавфсизлик кенгаши котиби лавозимида ишлайдиган тажрибали сиёсатчи Али Ларижонийга топширди.
Трамп “CBS News” телеканалига берган интервьюсида Олий раҳбар ўлими ҳақида хабар тарқалгандан кейин Эрон билан келишувга эришиш анча осонлашди, деди. Унинг сўзларига кўра, Ҳумонийнинг ўлимидан кейин Эронга раҳбарлик қилиш учун бир неча яхши номзод бор, аммо бу ҳақда батафсил маълумот ҳали берилмади.
Шунингдек, Америка етакчиси Эроннинг қасос ҳужуми ҳозиргача АҚШ ва иттифоқчилар кутганидан камроқ эканини таъкидлади: Биз икки баробар кўп бўлади, деб ўйлагандик. Ҳозирча биз кутганимиздан камроқ.
С.Раҳимов, ЎзА