АМИР ТЕМУР ҚИЛИЧЛАРИ ҲАҚИДА
Ўтмишда ўчмас из қолдирган тарихий шахслар – ҳукмдорлар: султон, император, хон ва подшоҳларнинг шахсий ашёлари, қурол-яроғлари доимий равишда инcонларни ўзига жалб қилиб келган. Бундай ашёлар, асосан, дунёнинг йирик музейларида ва шахсий коллекцияларда сақланиб келмоқда. Музейларда энг атоқли тарихий шахслардан бири Соҳибқирон Амир Темур номи билан боғлиқ бўлган бир нечта экспонатлар борлиги маълум бўлади. Бундай ашёлар сирасига “Амир Темур ёқути”, Соҳибқиронга тегишли бўлган қилични киритиш мумкин. Бу иккала ашё хусусида қисқа маълумотлар ва мақолалар нашр ҳам қилинган. Амир Темурнинг бизга маълум бўлган қиличи бугунги кунда Эрон Ислом республикасидаги Теҳрон миллий музейида сақланмоқда.
Амир Темурга тегишли бўлган қиличлар ҳақида деярли маълумот учрамаса-да, XX аср бошларидаги маълумотларга кўра Амир Темур қиличи Теҳрондаги музейда сақланаётгани маълум бўлади. “Ўзбек давлатчилиги тарихи” китоби муаллифи Азамат Зиё Эрон пойтахтига қилган илмий сафари давомида Саъдобод саройи ҳудудидаги Теҳрон ҳарбий музейида кўрганлигини ёзади. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Темурийлар тарихи давлат музейида Эрон Ислом Республикасининг Тошкент шаҳридаги элчихонаси томонидан ҳадя қилинган Амир Темур қиличи фотосурати экспозицияга қўйилган. Бу маълумотлар Соҳибқирон Амир Темурнинг фақатгина биргина қиличи музейларда сақланиб қолгандек таассурот уйғотади.
Сўнгги йилларда эронлик тарихчи олим Манучеҳр Муштоғ Хуросоний томонидан нашр қилинган бир қанча китоб-альбомларда Эрон Ислом республикаси музейларида Амир Темурга тегишли бир эмас, нақ учта қилич борлиги маълум бўлади.
Соҳибқиронга тегишли қиличлардан бири Теҳрон миллий музейида бўлса, қолган иккитаси шаҳардаги Саъдобод сарой-мажмуаси ҳудудидаги Ҳарбий музейда сақланаётгани аниқланди. Афсуски, бизда Миллий тарих музейдаги сақланаётган қиличнинг сурати бор холос. У ҳақидаги маълумотларни топишнинг имкони бўлмади. Лекин эронлик тарихчи М.Хуросоний томонидан нашр этилган бир қатор китобларда қолган икки қилич ва улар ҳақидаги маълумотлар олишимиз мумкин.
Саъдобод сарой мажмуаси – Теҳроннинг шимоли-шарқий қисмида жойлашган бўлиб, бир қанча сарой ва кўшклар, музейлардан ташкил топган. Ушбу мажмуа Қожарлар сулоласининг сўнгги вакиллари томонидан бунёд этилган. Паҳлавийлар сулоласи даврида эса йирик сарой – мажмуасига айлантирилди. 1920 йилларда бу ерда Ризо Паҳлавий (1925-1941 йй.) яшаган бўлса, 1970 йилларда мажмуа унинг ўғли Муҳаммад Ризо Паҳлавийнинг (1941-1970) қароргоҳи бўлган.
Бугунги кунда Саъдобод – саройлар ва музей павилёнларидан, шунингдек, деярли ҳар бир биносида ноёб музей коллекциялари ва нодир экспонатларни ўзида сақлаётган муҳташам мажмуадир. Ушбу мажмуа такрибига кирувчи шундай музейлардан бири Ҳарбий музей ҳисобланади.
Теҳрон Ҳарбий музейи ўрта асрлардан бери сақланиб келаётган қурол-яроғ ва ҳарбий зирҳ-аслаҳаларнинг жаҳондаги бой коллекцияларидан бири ўзида мужассам этган. Ушбу коллекция Сафавийлардан давридан бошлаб сулолавий равишда авлоддан-авлодга ўтиб келган ҳолда Носирудддин Шоҳ Қожар давригача бўлган қурол-аслаҳаларни ўз ичига олади. 1979 йилда рўй берган “Ислом инқилоби”га қадар ушбу тўплам Теҳрон ҳарбий университетида (Данишеш-е Афсари) сақланиб келган. Инқилобдан кейин тўпламдаги ашёлар уч қисмга бўлинган. Асосий қисми - Теҳрон ҳарбий музейи коллекциясини ташкил этади. Қолган икки қисми - Шероз ва Бандар Анзали ҳарбий музейлари тўпламини яратиш учун ушбу шаҳарларга кўчирилган. Теҳрондаги коллекциянинг биз учун қимматли жиҳати – Темурийлар даври билан бошланиб, Паҳлавийлар даври билан тугайди. Музейда умумий ҳисобда 250 га яқин турли қурол-яроғлар (қилич, ойболта, зирҳ, камон ва бошқалар қуроллар) ҳамда уларнинг аксессуарлари мавжуд. Шунингдек, Эрон-Ироқ урушидан олинган замонавий қуроллар ҳам кўргазмага қўйилган. Ваҳоланки, музейда қурол-яроғ ва зирҳларнинг, шунингдек, Эрон монархларига совға қилинган Европа, Ҳиндистон, Кавказ мамлакатлари, Араб давлатлари ва Япония каби бошқа мамлакатларнинг қуроллари ҳам мавжуд. ҳарбий музейидаги ашёлар орасида биз учун аҳамиятлиси Соҳибқирон Амир Темурга тегишли икки қиличдир.
Соҳибқиронга тегишли бўлган биринчи қилич. Қилич тиғи Дамашқ пўлатидан, “Муҳаммад зинапояси” номи билан танилган услубда ишланган. Қилич жуда мустаҳкам, оғирлиги 750 грамм. Тутқичи моржнинг қозиқ тишларидан ишланган. Афсуски, қиличнинг қини йўқ. Тутқичдан тепа қисмида олтин суви юритилган учта ҳошиялар бўлиб, уларнинг ичида куфий хатида ёзувлар мавжуд. Афсуски, ушбу ҳошиялардаги ёзувларни тўлиқроқ ўқишга имкон бўлмади. Шундай бўлса-да, куфий ёзувидаги битиклардан қуйидагиларни ўқишимиз мумкин: “Ассадоллаҳ ибн Ҳусайн Вас 783”; сўнгра расмда ушбу қилични ясаган уста-ҳунарманднинг исми – “Амал-э Умар ибн Баҳодур” ёзувлари бор, ундан пастроқда эса “Абу Нажафий ... 71” ни ўқишимиз мумкин. Энг аҳамиятлиси қиличда алоҳида картушда “Амир Темур Кўрагон” ёзуви настаълиқ хатида туширилганини ушбу қиличнинг Соҳибқиронга тегишли бўлганлигини англатади. Қиличдаги ҳижрий 783 йил (милодий 1381-1382) айнан Амир Темур ҳукмронлик йилларига хосдир. Аммо, биз 71 рақами нима маъно англатиши ҳақида аниқ хулосага эга эмасмиз. Қиличга кейинчалик Сафавийлар вакили Шоҳ Сафи ҳукмронлиги даврида яна битта картуш қўшилган бўлиб, настаълиқ ёзувида Бандеҳ-йе Шоҳ Велайат Сафи (Илоҳий ҳуқуқ билан шоҳ Сафи) битилган. Бошқа томонида эса “Сардар-е Кол Азиз Хон Мокри 1277” (қудратли қўмондон Азиз Хон Мокри 1277 ҳ. /1860-1861 м.) ёзуви олтин суви билан безатилган картуш мавжуд. Азизхон Мокри курдларининг мокри уруғидан бўлган (1207-1287/1792-1871) Қожарлар сулоласидан Носириддин Шоҳ (1846-1898) ҳукмронлиги даврида икки бор Эрон қўшинининг бош қўмондони бўлган.
Иккинчи қилич ҳам Дамашқ пўлатидан, 40 зинапояли услубда ишланган бўлиб, ниҳоятда мустаҳкамдир. Унинг оғирлиги ҳам 750 грамм. Қиличдаги дастлабки картуш ва ундаги ёзув ўчиб кетган. Кейинги кичик ҳошия ичдаги ёзувда 1305 санаси битилган. Пастки қисмдаги картушда эса “Ас-Султон Амир Теймур Кўрагоний” исми ёзилган. Барча ёзувларда олтин суви юргизилган.
Шундан келиб чиқиб, Амир Темурдан сўнг ушбу қилич Эрондаги сулолаларда авлоддан авлодга мерос сифатида ўтиб келганлигини англаш мумкин.
М.Хуросоний ўз асарида ушбу қиличлардан бири Мирзо Муҳаммад Юсуф Ғазвиний Исфаҳонийнинг “Ироқ дар Замон-е Шоҳ Сафи ва Шоҳ Аббос Дўввум” асарида келтирилган, дея маълумот беради. Ғазвиний Исфаҳоний аслида Амир Темур Кўрагонга тегишли бўлган ушбу қилич Шоҳ Сафи даврида Эронда пайдо бўлган ҳамда унга ишониб торширилганлигини “у худди шу тарзда дунёни забт этиши мумкинлиги”ни таъкидлайди. Иккала қиличда ҳам Амир Темур Кўрагонийнинг исми қилич тиғида битилганлиги уларнинг Соҳибқиронга тегишли бўлганлигига шубҳа қолдирмайди.
Хулоса қилиб, Амир Темур ва темурийлар даврида ҳарбий санъат қай даражада ривожланганлигини нафақат манбалардаги маълумотлар орқали, балки ўша даврга тегишли қурол-яроғларни ўрганиш асносида ҳам бериш мумкин. Бу ўринда бугунги кунда дунёнинг кўплаб музей ва коллекцияларида сақланиб келаётган ушбу даврга тегишли ҳарбий қуролларни аниқлаш ва уларни тадқиқ этиш лозим.
Авазов Фарруҳ Азамат ўғли,
Темурийлар давлат тарихи музейи илмий ходими