Эрон Ислом Республикасининг Форс вилояти ҳокими Хоссейн Али Амирий бошчилигидаги делегация Сурхондарё вилоятига келди.
Меҳмонлар жанубдаги воҳа билан танишувни ислом оламининг буюк алломаси Ҳаким ат-Термизий мақбарасини зиёрат қилиш билан бошлади. Қуръон тиловат қилинди.


Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов ва Форс вилояти ҳокими Хоссейн Али Амирий бошчилигида икки томонлама делегациялар иштирокида кенгайтирилган музокара бўлиб ўтди.



Учрашувда Ўзбекистон Республикаси ва Эрон Ислом Республикаси ўртасидаги муносабатлар Президентимиз Шавкат Мирзиёев ва Эрон Ислом Республикаси Олий диний раҳбари Оятуллоҳ Саид Али Хоманий ҳамда Президент Масъуд Пезешкиённинг сиёсий иродаси, ўзаро дўстона мулоқотлари туфайли янги, стратегик босқичга кўтарилгани алоҳида қайд этилди. Томонлар бу жараёнда ҳудудлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаб, савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий ва гуманитар соҳаларда амалий алоқаларни кенгайтириш муҳим эканини таъкидлади.
Музокараларда саноат, тоғ-кон, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, савдо, логистика, транспорт, тўқимачилик, туризм, таълим, тиббиёт, фармацевтика ва соғломлаштириш соҳаларида ҳамкорлик истиқболлари муҳокама этилди. Эрондан Ўзбекистонга цитрус мевалар, картошка ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш, бу йўналишда тўғридан-тўғри ҳаво қатновларини йўлга қўйиш, Сурхондарё вилоятида Эрон пистасини етиштириш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари юзасидан фикр алмашилди. Шунингдек, туризм, олий таълим ва тиббиёт соҳаларида ҳам ўзаро манфаатли ҳамкорлик учун катта имконият борлигига эътибор қаратилди. Сурхондарё ва Форс вилоятлари ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича меморандум имзоланди.


Форс вилояти ҳокими Хоссейн Али Амирий Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимовни вилоят делегацияси билан Форс вилояти маркази — Шираз шаҳрига таклиф этди.


Эрон делегациясининг Сурхондарё вилоятидаги сафари давом этмоқда.
Сафар доирасида Эрон ва Ўзбекистон тадбиркорлари иштирокида бизнес-форум ўтказилиши режалаштирилган. Учрашувларда савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, халқаро логистика ва саноат ҳамкорлигини ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги соҳасида тажриба алмашиш масалалари муҳокама этилиши кутилмоқда. Шунингдек, меҳмонлар эртага воҳадаги саноат корхоналари, халқаро савдо ва логистика марказлари ҳамда туристик ва зиёрат объектлари билан танишади.


Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири