Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Эрон ишлаб чиқариш ва саноат ютуқлари” кўргазмаси очилди
19:56 / 2022-05-09

Тошкентдаги “Ўзэкспомарказ” Миллий кўргазмалар мажмуасида “Эрон ишлаб чиқариш ва саноат ютуқлари” кўргазмаси иш бошлади.

Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги “Яшнобод” инновацион технопарки билан ҳамкорликда ўтказилаётган ушбу ярмаркада Эроннинг 40 дан зиёд корхонаси, йирик саноат компаниялари, хизмат кўрсатувчилари ўз маҳсулотлари билан иштирок этмоқда.

Кўргазма доирасида қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат ва кимё саноати, нефть-газ ва нефт-кимё, тиббиёт ускуналари, қурилиш материаллари, фан ва технологиялар каби турли соҳалар вакиллари жам бўлган.

Икки мамлакат тадбиркорлари ўртасидаги алоқани янада мустаҳкамлаш мақсадида ташкил қилинган анжуман томонлар салоҳияти ва имкониятини намоён қиладиган майдон вазифасини ўтаяпти, дейиш мумкин.

Меҳмон ишлаб чиқарувчилар мазкур кўргазма Эрон учун мамлакатимизда янги имкониятлар очишига ишонч билдирди. Марказий Осиё давлатларига киришда, минтақани Эрон маҳсулотлари билан яқиндан таништиришда Ўзбекистон муҳим ва улкан бозор экани эътироф этилди.

Тадбир чоғида Эрон Ислом Республикасининг юртимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ҳамид Найирободий яқин келажакда ўзаро савдо ҳажмини йилига 1 миллиард, ўрта келажакда эса 2 миллиард долларга етказиш режалаштирилганини таъкидлади.

11 майгача давом этадиган тадбир дастурига кўра, эртага, 10 май куни соат 17:00 да пойтахтимиздаги “International Hotel Tashkent” меҳмонхонасида B2B шаклида тадбиркорлар учрашуви бўлиб ўтади.

Беҳруз Худойбердиев,

ЎзА