Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Эрон инқирози: нега мамлакат аҳолиси олтинга суяняпти?
16:08 / 2026-01-09

Бугунги кунда Эронда олтин шунчаки инвестиция воситаси эмас, балки мамлакатдаги сиёсий ва иқтисодий вазиятнинг энг аниқ кўрсаткичига айланган. Аҳолининг катта қисми учун олтин нархининг кескин ошиши фонд бозори ёки расмий статистикадан кўра анча кучлироқ сигнал беради, чунки ушбу ўлкада тилла асрлар давомида молиявий барқарорлик ва ижтимоий кафолат вазифасини бажарган.

Эрон маданиятида олтин айниқса, аёллар учун норасмий “ижтимоий суғурта” ҳисобланади. У уй-рўзғор харажатларидан йиғилган майда жамғармалар, мерос ёки маҳр (никоҳ вақтида куёв томонидан келин учун кафолат сифатида бериладиган молиявий мажбурият) шаклида сақланади. Тўй маросимларида олтин тақинчоқлар хариди энг катта харажатлардан бири бўлиб келган

Шунга қарамай, сўнгги йилларда миллий валюта — риалнинг кескин қадрсизланиши бу анъанавий тизимни издан чиқарди. Расмий маълумотларга кўра, охирги саккиз йил ичида Эронда ўртача йиллик инфляция 43 фоизни ташкил этган. Бу дегани, товар ва хизматлар нархи 17 баравардан кўпроқ ошиб, аҳолининг харид қобилияти қарийб 94 фоизга йўқолган. 2018 йилда 1 доллар 43 минг риал атрофида бўлган бўлса, 2026 йилга келиб у 1 миллион 470 минг риалга етди. 

Ислом республикасида расмий ва “қора бозор” курси ўртасидаги фарқ вазиятни янада мураккаблаштирди. Расмий курс асосан ҳукуматга яқин доираларга хизмат қилаётгани, оддий аҳоли эса қиммат эркин бозор курсига тобе экани иддао қилинади. Натижада одамлар пулни банкда ёки фонд бозорида сақлашга ишонмай қўйган.

Глобал миқёсда олтин нархи ҳам ошди, аммо Эронда бу жараён икки баробар оғир кечди. Халқаро бозорда нарх саккиз йил ичида тахминан 230 фоизга кўтарилган бўлса, Эронда 18 каратли олтин нархи 115 баравардан кўпроқ ошди. Бир пайтлар энг кам иш ҳақи олувчи ишчи бир ойда бир неча грамм олтин сотиб ола олган бўлса, бугун унинг ойлиги атиги ярим граммга етади. Бу ҳолат Эронда олтинни жамғарма эмас, балки “тирик қолиш” воситасига айлантирди.

Шу сабаб, бозорда хатти-ҳаракатлар ўзгарди. Қиммат тақинчоқлар ўрнини “иккинчи қўл” олтин, синиқ буюмлар ва 1 граммли кичик қуймалар эгаллади. Ҳатто бўлиб-бўлиб олтин сотиб олиш амалиёти пайдо бўлди. Жон бошига даромад бўйича Эрон дунёда қуйи ўринда турган бўлсада, олтин истеъмоли бўйича етакчи давлатлар қаторига киради. Бу шуни англатадики, эронликлар даромадининг жуда катта қисмини олтинга йўналтирмоқда. Барқарор иқтисодиётларда ортиқча маблағ банк, акциялар ёки облигацияларга тикилади. Эронда эса фақат олтин ишончли деб ҳисобланади.

Мамлакат аҳолиси риални имкон қадар тезроқ олтинга айлантирмоқда, чунки у осон сотилади ва инқирозда қадрсизланмайди, бироқ бу ҳам янги муаммони туғдирди: молиявий хавфсизлик энди жисмоний хавфсизлик билан алмашди. Эронликлар энди олтинни қандай сақлаш ҳақида ҳам хавотирга тушмоқда.

Мусулмон Зиё, ЎзА