Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Эрон: ички ва ташқи хавф (+видео)
09:32 / 2026-02-01

Xавфли нуқталар

Бугунги глобал сиёсий майдонда шундай давлатлар борки, бу мамлакатлардаги беқарорлик фақат ички жараён билан чекланмайди, балки бутун минтақа ва ҳатто халқаро хавфсизликка ҳам жиддий таъсир кўрсатади.

“Хавфли нуқталар” кўрсатуви бу гал ана шундай муҳим ҳудудлардан бири – Эрон ҳақида сўз юритади.

Эрон Ислом Республикаси Яқин Шарқдаги энг йирик, таъсир доираси кенг давлатлардан биридир. Мамлакат пойтахти – Теҳрон. Майдони тахминан 1,65 миллион квадрат километр, аҳолиси қарийб 89 миллион. Расмий тили – форс тили, пул бирлиги – риал.

Ушбу мамлакат географик жиҳатдан стратегик аҳамиятга эга ҳудудда жойлашган: шимолда Каспий денгизи, жанубда Форс кўрфази ва Ўмон денгизи билан туташ. Ироқ, Туркия, Озарбайжон, Арманистон, Туркманистон, Афғонистон ва Покистон билан чегарадош бу ўлканинг салмоқли қисми Загрос ва Эльбрус тоғ тизмалари, шунингдек чўл ва текисликлардан иборат. Асосан қуруқ ва иссиқ иқлими иқтисодиёт, хусусан транспорт тизими ва ҳарбий стратегияга бевосита таъсир кўрсатади.

Ҳозирги давлат тузуми 1979 йил уюштирилган Ислом инқилоби натижасида шаклланган. Монархия бекор қилиниб, мамлакат Исломий Республикага айланган ўша даврдан буён бошқарувда диний ва сиёсий ҳокимият ўзаро уйғун фаолият юритиб келмоқда.

Эрон ўзига хос сиёсий тизимга эга: энг юқори ҳокимият Олий Раҳбар қўлида жамланган. Бу лавозимда ҳозир Али Ҳумонаий. Президент ижро ҳокимиятига раҳбарлик қилади, парламент қонунларни қабул қилади. Бинобарин, ҳеч бир қонун Конституцияни муҳофаза қилувчи кенгаш томонидан диний ва ҳуқуқий жиҳатдан тасдиқланмагунча, кучга кирмайди. Шу боис сиёсий қарорлар, жумладан норозилик намойишига нисбатан муносабат марказлашган тарзда белгиланади.

Мамлакат аҳолисининг тахминан 90 фоизи шиа мазҳабига мансуб мусулмонлардан иборат. Қолган қисми сунний мусулмонлар, христиан, яҳудий ва зардуштийлардан ташкил топган. Дин давлат сиёсатида муҳим ўрин тутиши сабабли, ижтимоий норозилик кўпинча мафкуравий ёки диний омил билан боғлиқ ҳолда намоён бўлади.

Кўп миллатли ушбу давлатда форслардан ташқари озарбайжон турклари, курдлар, араблар, балужлар ва туркманлар яшайди. Айрим ҳудудларда этник ва ижтимоий тенгсизлик муаммоси ички беқарорликни кучайтирувчи омил сифатида сақланиб қолмоқда.

Эрон дунёдаги энг йирик нефть ва газ захирасига эга давлатлардан бири саналади. Энергетика соҳаси, кимё саноати, металлургия ва қишлоқ хўжалиги иқтисодиётнинг асосий тармоқларидир. Афсуски, кўп йиллардан бери амал қилиб келаётган Ғарб санкцияси мамлакат иқтисодиётига жиддий салбий таъсир кўрсатмоқда. Инфляция ва ишсизлик даражаси ошиб бориши, аҳолининг соф даромади пасайиши жамиятда норозилик кайфиятини кучайтирган.

Аксар таҳлилчилар 2025 йил 28 декабрда бошланган кенг кўламли намойишнинг асосий сабабини ҳам иқтисодий инқироз, нарх-наво кўтарилиши, оғир меҳнат шароити ва сиёсий эркинлик чекланиши билан боғламоқда. Теҳрон, Рашт, Фардис, Малакшоҳи каби шаҳарлар норозилик ҳаракатлари марказига айланди.

Расмий маълумотга кўра, охирги инқироз туфайли тахминан 3 000 инсон ҳалок бўлган. Мустақил манбалар эса қурбонлар сонини 5 000 дан 30 000 нафаргача, дея баҳоламоқда. Қўзғолончилар иқтисодий ислоҳот ўтказиш, сиёсий эркинликни кенгайтириш ва амалдаги сиёсий тизимга нисбатан норозиликни очиқ ифода этиш талабларини қўймоқда.

Ички беқарорлик ортидан Эрон атрофидаги геосиёсий босим ҳам кучаймоқда. АҚШ ва иттифоқчилар томонидан санкция, дипломатик босим ва сиёсий таъсир давом эттирилмоқда. Натижада Ислом Республикаси нафақат ички, балки халқаро миқёсда ҳам хавфли нуқта сифатида баҳоланмоқда.

Эрон бой тарих, мураккаб сиёсий тизим ва кўп миллатли жамиятга эга. Афсуски, ҳозирги ички сиёсий ва иқтисодий муаммолар, давом этаётган норозилик намойишлари ва ташқи босим мамлакатни жиддий синов қаршисида қолдирган. Энг ёмони ҳудуддаги ҳар қандай кескинлик Яқин Шарқ барқарорлиги ва глобал хавфсизликка ҳам бевосита таъсир кўрсатиши шубҳасиз.

Бу “Хавфли нуқталар” кўрсатуви эди. Ер юзидаги энг нотинч, беқарор ҳудудларга оид таҳлилий чиқишларимизни кузатиб боринг.

<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/LH3z60_7jaY" title="Хavfli nuqtalarEron: ichki va tashqi xavf " frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Фардона Яхшибоева, ЎзА