Эрон етакчиси Покистонга ташриф буюради
Эрон Ислом Республикаси президенти Масъуд Пезешкиён 26 июль куни Покистонга расмий ташриф билан боради. Бу ҳақда Эрон Ташқи ишлар вазирлиги вакили Исмоил Бақайи маълум қилмоқда.
Унинг сўзларига кўра, учрашув Эрон ва Покистон ўртасидаги тарихий, маданий ва диний яқинликка асосланган алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Пезешкиён ушбу ташрифни Исроил томонидан 16 июнь куни Теҳронга уюштирилган ҳаво ҳужумидан омон қолганидан сўнг амалга оширмоқда. Ҳужум чоғида президент ҳукумат амалдорлари билан йиғилишда бўлган ва оёғидан жароҳат олганди.
Расмий Теҳрон бу ҳужумни Исроил томонидан уюштирилган суиқасд деб атади. Манбаларига кўра, ҳужумда бир неча юқори лавозимли ҳарбийлар ва олимлар ҳалок бўлган.
Эрон ҳукумати ташқи агрессияларга қарамай минтақавий дипломатик алоқаларни фаоллаштирмоқда. Покистонга ташриф ҳам ушбу сиёсат доирасидаги муҳим қадамлардан бири ҳисобланади.
Мусулмон Зиё, ЎзА