French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Эрон Экспертлар ассамблеяси янги Олий Раҳбарни танлаш бўйича овоз беришни якунлади
10:25 / 2026-03-04

Эроннинг “Fars” ахборот агентлиги Экспертлар ассамблеясининг янги Олий Раҳбарни танлаш бўйича овоз бериш жараёни якуний босқичда эканлигини хабар қилди. Маълумотга кўра, музокара хавфсиз жойда олиб бориляпти, натижа яқин соатлар ёки кунларда эълон қилиниши мумкин.

Хавфсизлик нуқтаи назаридан муҳокама ва овоз бериш масофавий усулдан фойдаланилган ҳолда, “бевосита қатнашмасдан” ўтказиляпти.

Таъкидланишича, Ҳумонаий ҳаёти давомида аниқ ворисни айтмаган, танлаш ҳуқуқини фақат Экспертлар Ассамблеясига топширган. Фақат келгуси раҳбар учун асосий талаб сифатида “ташқи босимга қаршилик кўрсата олиш, жасорат, ҳалоллик, адолат, замонавий воқеликни тушуниш ва етакчилик қобилияти” белгиланиши лозимлигини тайинлаган.

Кўп ўтмай “Iran International” нашри Экспертлар ассамблеяси ИИҚК босими остида Ҳумонаийнинг ўғли Мужтобани Ислом Республикасининг кейинги Олий Раҳбари этиб танлагани ҳақида маълумот тарқатди. Бу маълумот ҳали расман тасдиғини топгани йўқ.

Маълумки мамлакатдан ташқарида яшаётган Эрон мухолифати етакчиси Ризо Паҳлавий “агар режим ўзгарса, мамлакатга қайтиши”ни айтган. АҚШ Президенти Дональд Трамп Олий етакчи ўлимидан сўнг Вашингтон мухолиф арбоб Паҳлавий номзоди келажакдаги раҳбар сифатида жиддий кўриб чиқилмаганини айтган.

Трамп Оқ уйда журналистлар билан суҳбатда шундай деган:

– Баъзилар Паҳлавийни ёқтиради, лекин биз бу ҳақда умуман ўйламаганмиз. Менимча, Эрон ичидан кимдир ҳокимиятга келса, мақсадга мувофиқроқ. Афзал йўл мамлакат “ичида” бир шахс пайдо бўлиши.

Оқ уй раҳбари “энг ёмон ҳолат – аввалгиси каби ёвуз одам ҳокимиятга келиши” эканини таъкидлаб, Эронга “мамлакатни халққа қайтарадиган” раҳбар зарурлигини қўшимча қилган.

Умуман, Эронда янги раҳбарият шаклланиши уруш қисқа ёки узоқ чўзилишига аниқлик киритиши мумкин. Масалан, Туркия ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан “TRT Haber”га берган интервьюсида Эронда янги ҳокимият пайдо бўлиши урушни тугатиш учун имконият яратиши мумкинлиги, афсуски ҳали кенг кўламли можаро хавфи жиддий ташвиш бўлиб турганига урғу берган.

Шунингдек, у Эроннинг минтақадаги мамлакатларга ҳужумини кескин танқид қилди:

– Эрон воситачи давлатлар – Ўмон, Қатар, Кувайт, Баҳрайн, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари ва Иорданияни бепарволик билан бомбардимон қилиши ниҳоятда нотўғри стратегия.

Фидан Теҳроннинг мантиғини қуйидагича таърифлади:

– Стратегия шундай: Агар чўксам, бутун минтақани ўзим билан бирга пастга тортаман.

АҚШ – Исроил ҳужуми ва Эроннинг қасос чораларига изоҳ бераркан, Туркия ташқи сиёсат идораси раҳбари шундай деди:

– Агар Эрон томони АҚШ Президенти Дональд Трамп дуч келаётган ички босимни яхшироқ тушунганида ва олдиндан муайян қадамлар қўйганида, Исроил босими бунчалик самарали кечмаслиги мумкин эди.

С.Раҳимов, ЎзА