Эрон ядровий дастур бўйича Қўшма Штатлар билан келишувга эришиш учун ўз талабларини очиқ айтди. Мамлакат раҳбарияти маълум қилишича, агар Вашингтон Теҳронга қарши жорий этилган барча санкцияларни бекор қилса, Эрон уранни юқори даражада бойитишни қисқартиришга тайёр.
Ўлка вице-президенти Муҳаммад Исломийнинг айтишича, гап уранни 60 фоизгача бойитишдан воз кечиш эҳтимоли ҳақида бормоқда. Бу қарор АҚШ санкцияларни бекор қилиш-қилмаслигига боғлиқ.
АҚШ Эронга санкциялар жорий этишининг асосий сабаби сифатида мамлакатни халқаро мажбуриятларни бузишда ва глобал хавфсизликка таҳдид солувчи фаолиятда айблаб келади. Хусусан, баллистик ракеталар дастури, ядровий қурол ишлаб чиқиш, “Ҳизбуллоҳ” ва “Ҳусийлар” каби гуруҳларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ муаммолар кўрсатиб ўтилади.
Амалдаги санкциялар Эрон нефти экспортини чеклаб, мамлакат банк тизимининг жаҳон молия тизимига киришини тўсиб қўяди. Шунингдек, энергетика ва ҳарбий-саноат соҳаларига инвестициялар киритишга ҳам чекловлар жорий этилган.
Маълумки, жорий йилнинг 7 февраль куни Ўмонда Эрон ва АҚШ ўртасида навбатдаги музокаралар бўлиб ўтди. Унда Ислом Республикаси ташқи ишлар вазири Аббос Арақчи Эрон уранни тинч мақсадларда бойитишни давом эттиришини ва “нол даражада бойитиш” сиёсатини қабул қилмаслигини таъкидлади.
Ф.Яхшибоева, ЎзА