Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Эрон 85 йилдан сўнг АҚШдан 3506 дона Аҳамонийлар даврига оид гил лавҳани қайтариб олди
12:55 / 2023-11-12

Эрон Ислом Республикаси Президенти Иброҳим Раисий қадимги дунёнинг энг йирик давлатларидан бири, эрамиздан аввалги 558-330 йилларда ҳукм сурган Аҳамонийлар давлатига тегишли лой лавҳалар мамлакатга қайтарилишини маълум қилди. Маълумки, афсонавий Кир II асос солган ушбу буюк салтанат ҳудуди Эрон, Ҳинд дарёсидан Эгей ва Ўрта ер денгизгача бўлган оралиқдаги Осиё мамлакатлари, шунингдек Миср, Ливия ва Болқон ярим оролининг бир қисмини қамраб олган.

Раисий Маданий мерос, ҳунармандлик ва туризм вазирлиги ҳамда Ташқи ишлар вазирлигининг умумий саъй-ҳаракати туфайли Эрон мероси тикланаётганини қайд этди.

– Ҳозирча 3506 дона лой лавҳани олиб келдик, қолгани ҳам тез орада қайтарилади, – дея қўшимча қилди Эрон раҳбари.

2019 йил Эрон Қўшма Штатларга Аҳамонийлар даврига оид 30 000 лавҳадан иборат ноқонуний тўпламни қайтариш талабини қўйди. Бу ашёлар 1933 йил Чикаго университети Шарқшунослик институти археологлари томонидан Персеполисда эронлик тадқиқотчилар билан бирга олиб борилган қазишма пайтида топилган ва 1935 йил ўрганиш учун ушбу муассаса ихтиёрига ўтказилган. Эрон расмийларига кўра, америкаликлар экспонатлардан 150 таси 1948 йил, 200 таси 2001 йил қайтарилган, аммо аксарияти АҚШда қолмоқда.

Август ойида Эрон маданий меросни муҳофаза қилиш вазири ўринбосари бир неча ой ичида 20 мингдан ортиқ Аҳамонийлар даврига оид гил лавҳалар қайтарилиши режаланганини айтган. Мулозим таъкидлашича, бу чора-тадбир милоддан аввалги V асрга оид, Аҳамонийлар даври ва Яқин Шарқ минтақаси ҳақидаги иқтисодий, ижтимоий, диний тафсилотларни очиб берувчи муҳим маълумотларни тиклашга кўмаклашади.

Муҳаррама Пирматова, ЎзА