Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ерни экишга тайёрлаш ишлари бошланди
15:48 / 2026-02-23

Жиззах вилоятининг Зомин туманида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида бошланган ерни экишга тайёрлаш ишлари навбатдаги мавсумий тадбир эмас, балки табиат ва инсон ўртасидаги мувозанатни мустаҳкамлашга қаратилган амалий қадам сифатида аҳамият касб этмоқда. Бу жараён мамлакатимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва яшил ҳудудлар улушини кенгайтиришни назарда тутган “Ўзбекистон–2030” стратегиясида белгиланган устувор вазифалар билан ҳамоҳангдир.

Стратегияда экологик барқарорликни таъминлаш, шаҳар ва қишлоқларда яшил майдонларни кенгайтириш, аҳоли учун соғлом атроф-муҳит яратиш асосий йўналишлардан бири сифатида қайд этилган. “Яшил макон” лойиҳаси эса ана шу мақсадларнинг амалий ифодаси бўлиб, ҳудудларда дарахт экиш ва парваришлаш ишларини тизимли асосда йўлга қўйишга хизмат қилмоқда.

Зомин туманининг Юксалиш маҳалласи ҳудудида масъул ташкилотлар ҳамкорлигида кўчат экиш учун ажратилган майдонларда ерни текислаш, юмшатиш ва суғориш тизимини тартибга келтириш ишлари изчил давом этмоқда.  

Мутахассислар таъкидлаганидек, ерни пухта тайёрлаш кўчатнинг барқарор ўсиши ва узоқ умр кўриши гаровидир. Шу боис манзарали ва мевали дарахтлар экиш режалаштирилган майдонлардаги барча ишлар агротехник талаблар ва илмий тавсиялар асосида амалга оширилмоқда. Бу эса лойиҳа самарадорлигини таъминлашда муҳим омил ҳисобланади.

Маҳалла фаоллари, нуронийлар ва ёшлар иштирокида олиб борилаётган ишлар лойиҳанинг ижтимоий аҳамиятини янада оширмоқда. Чунки “Яшил макон” — бу нафақат кўчат экиш, балки экологик маданиятни юксалтириш, табиатга эҳтиёткор муносабатни шакллантириш ва фуқаролик масъулиятини мустаҳкамлаш демакдир.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири