Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам ўз самарасини бермоқда. Буни томорқачиликни ривожлантириш, ҳар қарич ернинг самарали фойдаланиш борасида амалга оширилаётган ишлар мисолида кўриш мумкин.
Жиззах вилояти Бахмал туманида ҳам бу борада кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бугун томорқачиликни катта даромад манбаига айлантиришда барчага намуна бўлаётганлардан бири – ушбу туманнинг “Мустақиллик” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи миришкор деҳқон Ислом Ҳамроевдир. Унинг меҳнат фаолияти билан танишиш баробарида бунга ўзимиз ҳам гувоҳ бўлдик.
Ислом Ҳамроев Бахмал қир-адирликларида узоқ йиллардан буён фойдаланилмай ётган, 40 сотихлик лалми ер майдонини ўз ташаббуси билан ўтган йилнинг кузида ўзлаштиришга киришди.

Ислом боғдорчилик ва сабзавотчилик ҳадисини отасидан ўрганган. Ана шу бор илмини, тажрибасини 40 сотихли майдонда қўллади. Қақраб ётган ҳар қарич ерга ҳаёт бағишлаб, замонавий агротехник тадбирлар асосида ҳосил етиштиришга киришди. У ерни тайёрлашдан бошлаб, ҳосил теримигача бўлган барча жараёнларда илмий ёндашув ва замонавий технологиялар асосида иш олиб бормоқда.
– Асрлар давомида қаровсиз ётган ерни узоқ муддатга ижарага олиб, унинг 20 сотихига “Ложаин” навли серҳосил помидор навини, қолган 20 сотихга эса эрта пишар “Мирзои қизил – 228” навли сабзи экдик, – дейди Ислом Ҳамроев. – Сабзавот экинлари етиштиришда, айниқса, помидор ва сабзига томчилатиб суғориш тизимини жорий қилингани, ушбу маҳсулотлар ҳосилдорлигини кескин ошишида аҳамияти катта экан, десам хато қилмаган бўламан. Эрта баҳорда ерга қадаган 5 минг туп помидор кўчатимизнинг ҳар тупидан ўртача 7–8 килограмм ҳосил олишни чамалаяпмиз. Шунда, 20 сотих майдондан жами 35-40 тонна сифатли ва экологик тоза, витаминга бой помидор маҳсулоти олсак керак, деган умиддаман.
Ерни тайёрлашда 6 тонна маҳаллий ўғит, яъни нури ва 50 килограмм аммоний фосфат ишлатилди. Баргидан озиқлантиришда Словакия давлатида ишлаб чиқарилган “Ракагумин” органик препаратини уч маротаба пуркадик. Қўллаган бу усулларимиз ва ҳар бир агротехник тадбирни ўз вақтида, меъёрида ўтказганимиз тупроқ унумдорлигини оширишда, маҳсулотларимизни ҳар хил касалликларга чалинмай соғлом ўсишида муҳим аҳамият касб этди.

Дарвоқе, баҳорда экилган “Мирзои қизил – 228” навли сабзи ҳосили ҳам юқори бўлиши кутиляпти. Ислом Ҳамроев эккан сабзиларининг илдиз мевалари бир хилда, силлиқ, қизғиш рангда, ҳар бири ўртача 60–80 грамм оғирлик босади. Шунда 20 сотихдан 10 тонна ҳосил олинади. Бозор нархида ҳисоблаганда Исломбой сабзидан 100 миллион сўм, помидордан эса 120 миллион сўм даромад олишни мўлжаллаган.
Миришкор деҳқоннинг таъкидлашича, Бахмал шароитида ҳам ердан 3 маротаба ҳосил олиш мумкин экан.
– Доно халқимиз, ерга боқсанг – ер сени боқади, деб бежизга айтмаган, – дейди Ислом Ҳамроев. – Бу ҳосилимизни йиғиб-териб ички бозорга чиқарганимиздан сўнг, ҳосилдан бўшаган майдонга саратон чиқмай пешма-пеш иккинчи экин экишни режалаштирганмиз. Охирида эса саримсоқ пиёз, пиёз каби тўқсонбости маҳсулотлари экмоқчимиз. Менимча ернинг унумдорлиги, ҳосилнинг баракаси ҳам меҳнатни меҳр билан бажаришда, ерни ўз вақтида маҳаллий ва минерал ўғитлантириб туришда, бўлса керак.

Исломбой иккинчи экин ва кузги тўқсонбости экинларидан яна камида 150 – 180 миллион сўм даромад олса, шу 40 сотих ердан оладиган умумий даромади 280–300 миллион сўмга етиб қолса ажаб эмас.
Мана томорқани ҳақиқий даромад манбаига айлантира олган деҳқоннинг йиллик меҳнати самараси.
Ислом Ҳамроевнинг ушбу тажрибаси замонавий технологиялардан оқилона фойдаланиш – хусусан, томчилатиб суғориш, органик озиқлантириш воситалари ва маҳсулотларни навларга қараб экиш, ерга эътибор, меҳнатга меҳр, келажакка ишонч беришини кўрсатиб турибди.

Йиллар давомида сувсизликдан азият чеккан, ҳосилсиз деб ҳисобланган бу лалми ер бугун юртимизни сифатли, экологик тоза, витаминга бой маҳсулотлар билан таъминлаётган баракали томорқага айланганини миришкор деҳқон Ислом Ҳамроев меҳнати мисолида кўрдик.
Ислом Ҳамроевнинг тажрибаси нафақат Бахмал, балки бутун республикамиз деҳқонлари учун ибрат бўлиши мумкин. Зеро, ҳосилдорлик – бу фақатгина меҳнат эмас, балки ақл, замонавий ёндашув ва инновацион ғоялар самарасидир. Исломга ўхшаган томорқани даромад манбаига айлантира оладиган миришкор деҳқонлар юртимизда исталганча топилиши шубҳасиз, фақат уларга ер ва имконият яратиб бериш лозим.
А.Қаюмов, ЎзА мухбири