Кадастр агентлиги Сурхондарё вилоят бошқармасининг матбуот анжуманида ўтган йили воҳада 1 минг 674 гектар ер майдони ўзбошимчалик билан эгаллаб олингани маълум қилинди.
Назоратчилар ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олишга йўл қўймаслик, ерга оид қонунбузилиш ҳолатларининг олдини олиш юзасидан ўтказган тадбирларда 1 минг 388 ҳолатда 1 минг 515 гектар қишлоқ хўжалиги ерларида, 1 минг 528 та ҳолатда 55,5 гектар аҳоли пункти ерларида, 386 ҳолатда 16 гектар саноат, транспорт, алоқа, мудофаа ва бошқа мақсадларга мўлжалланган майдонларда, икки ҳолатда 0,1 гектар табиатни муҳофаза қилишга мўлжалланган ерларда, олти ҳолатда 0,50 гектар тарихий-маданий аҳамиятга эга ерларда, 852 ҳолатда 86 гектар ўрмон сув ва захира ерларда қонунбузилишларга дуч келган.
[gallery-21538]
Умуммиллий бойликка ғайриқонуний муносабатда бўлган ҳуқуқбузарларга 4 минг 162 та ёзма кўрсатма юборилиб, 2 минг 781 таси ёки 508 гектар ернинг қонунбузилиш ҳолати ихтиёрий бартараф этилган. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаларига мувофиқ жами 2 минг 123 нафар шахсга маъмурий жазо чораси қўлланилган.
– Вилоятда 2 миллион 9 минг 911 гектар ер майдони мавжуд бўлсада, унинг атиги 238 минг 500 гектари ёки умумий ернинг 11 фоизи суғориладиган экин майдонларидир, – дейди Кадастр агентлиги Сурхондарё вилоят бошқармаси бошлиғи Менглимамат Абдираҳмонов. –Бу бойликка амалдаги қонунчилик доирасида муносабатда бўлишни ҳаётнинг ўзи талаб этмоқда. Ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олишга, таваккалчилик асосида қурилиш ишларини амалга оширишга бўлган уринишлар билан асло муроса қилиб бўлмайди. Бундай ҳолатлар ҳуқуқбузарни жавобгарликка етаклайди. Бу каби кўнгилсиз воқеаларнинг олдини олиш учун ерларни авайлаб-асраш фақат кадастр соҳаси ходимларининг эмас, балки кенг жамоатчилик бурчи бўлиши керак.
Матбуот анжуманида, шунингдек, ерлардан мақсадсиз фойдаланиш, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш, тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар мулк ва ижара ҳудуди асосида электрон онлайн аукцион орқали сотиш, бино ва иншоотлар давлат кадастрини юритиш, юридик ва жисмоний шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш ҳақида ҳам атрофлича маълумот берилди. Ялпи хатлов, республика аерогеодезия маркази Сурхондарё ҳудудлараро бўлинмаси амалга оширган ва хўжалик ҳисобидан бажарилган ишлар тўғрисида фикр алмашилди. Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Холмўмин Маматрайимов, Жонибек Қўзимуродов (сурат), ЎзА мухбирлари