Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳалигача кузатилмоқда
09:07 / 2021-11-19

Мамлакатимизда ер муносабатларини такомиллаштириш, ер майдонларини ажратишнинг соддалаштирилган тартибини қўллаш, ер ресурсларидан фойдаланишда замонавий бозор механизмлари жорий қилиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 8 июндаги “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармоннинг қабул қилиниши натижасида ер майдонларини ажратишда мавжуд бўлган муаммоларни бартараф этишда муҳим қадам бўлди.

Фармонда ер участкаларини ажратишнинг барча учун тенг, шаффоф ва бозор тамойилларига асосланган тартибини жорий этиш, ерга оид мулкий ва ҳуқуқий муносабатларда барқарорликни таъминлаш, ерларни муҳофаза қилиш, ер эгаларининг мулкий ҳуқуқларини кафолатлаш, шунингдек, ернинг иқтисодий қийматини белгилаш орқали уни фуқаролик ҳуқуқий муомаласининг объекти сифатида эркин муомалага киритиш белгиланган.

Эндиликда давлат ҳокимияти органлари томонидан ер участкаларини тўғридан-тўғри ажратиш ёки бошқача тарзда имтиёз ва истиснолар белгилаш ташаббуси билан чиқиш тақиқланган.

Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги томонидан ер участкаларини бериш бўйича материаллар тўплаш, кўриб чиқиш ва келишиш тартиб-таомилларини амалга ошириш учун “YERELEKTRON” автоматлаштирилган ахборот тизими қайта ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилди.

Жумладан, электрон онлайн-аукцион ва очиқ танловга қўйиш учун ер участкаларини танлаш, келишиш, аукцион ва танловда иштирок этиш учун мурожаатларни қабул қилиш, аукцион ва танловни ўтказиш, унинг натижаларини расмийлаштириш билан боғлиқ барча жараёнлар, истисноларсиз фақат электрон ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда амалга ошириш белгиланди.

Аукцион савдолари орқали 2020 йилда Бухоро вилоятида 502 та бўш ер участкасига бўлган ҳуқуқ сотилган. 2021 йил 16 ноябрь ҳолатда 270 та бўш ер участкасига бўлган ҳуқуқ реализация қилинган.

Юқоридаги тартиб-таомиллар албатта, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, коррупцияга қарши курашиш, ҳужжатлар алмашинувида инсон омилини энг минимум даражагача тушириш орқали вақт ва иқтисодий жиҳатдан самарали тизим сифатида барча фуқароларга тенг шароит яратиб беради.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг 2021 йил 27 августдаги 543-сонли қарори билан тасдиқланган Маъмурий регламентга асосан, Қишлоқ хўжалиги мақсадларига мўлжалланган ерлар тоифасидаги ер участкалари давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ажратилмаслиги белгиланди.

Бироқ Бухоро вилояти бўйича қишлоқ хўжалиги ва ноқишлоқ ер майдонларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниши ва ноқонуний қурилишларни амалга ошириш ҳолатлари кузатилмоқда.

Жумладан, бугунги кун ҳолатига 702 та 148,8 гектар ер майдони, шундан 106 гектар 284 та ҳолатда қишлоқ хўжалиги ерлари, 42 гектар 418 та ҳолатда ноқишлоқ хўжалиги ерлари жисмоний ва юридик шахслар томонидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган.

Мазкур ўзбошимчалик билан эгаллаш ҳолатларини ихтиёрий равишда бартараф этиш бўйича масъул шахсларга 567 та огоҳлантириш берилган.

Ўзбекистон шароитида ер ажратиш тизимидаги муаммоларни бартараф этиш мақсадида маҳаллий давлат ҳокимият органлари томонидан электрон онлайн-аукцион ва очиқ танловга қўйиш учун ер участкаларини танлаш, келишиш ҳамда электрон ҳужжат алмашинуви йўли билан амалга ошириш, шунингдек, ер муносабатларига доир барча қарорларни қабул қилиш, келишиш ва рўйхатдан ўтказишнинг ягона электрон – “Е-қарор” тизими орқали, ушбу қарорларда ер участкасига доир географик маълумотлар ва хариталарни шакллантириш эса “Кадастр ва рўйхатдан ўтказиш интеграциялашган ахборот тизими” орқали автоматик равишда бажариш лозим бўлади.

 

Амонжон Арабов,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг Бухоро вилоятидаги етакчи инспектори.