Маълумки, давлатимиз раҳбари томонидан кадастр соҳасини тубдан такомиллаштириш борасида тизимга замонавий ахборот коммуникация технологияларини жорий этиш, кўчмас мулк ва ер ҳисобини юритиш ҳамда назорат қилишни рақамлаштириш каби бир қатор топшириқлар белгилаб берилган.
Белгиланган топшириқлар ижроси қандай кетяпти? Кадастр агентлигининг Йиғма-ахборот таҳлил бошқармаси бошлиғи Феруз Султонов билан суҳбатимиз шулар хусусида бўлди.
–Кадастр тизимида рақамлаштириш жараёнлари қандай кетяпти?
–Кадастр тизимида бу борада ўтган йилда бир қатор амалий ишлар олиб борилди. Хусусан, фаолиятимизнинг қонуний асосини мустаҳкамлаш ва такомиллаштириш бўйича соҳага оид 11 та норматив ҳужжат лойиҳалари ишлаб чиқилиб, қабул қилинди. Шунингдек, соҳани рақамлаштириш бўйича 2 та ахборот тизими, яъни Кадастр муҳандиси ва “E’TIROF” AT тўлиқ ишга туширилди.
Қолаверса, Ўзбекистоннинг умумий 44,9 миллион гектар ер майдонидан 42,3 миллион гектари ёки 94 фоизининг электрон харитаси яратилиб, 41,8 миллион гектари давлат рўйхатидан ўтказилди. Шунингдек, аввал ҳисобга олинмаган 182 мингта янги объект ва 2,3 мингта мавжуд объектларда қўшимча қурилмалар аниқланиб, кадастр базасида ҳисобга олинди.
Шуни ҳам айтиш жоиз, бугунги кунда кадастр базасида ҳисобга олинган кўчмас мулк объектлари сони 8,5 миллионтани ташкил этиб, улар тўғрисидаги маълумотлар солиқ органларига онлайн тақдим этиб келинмоқда.
–Бугунги кунда кадастр тизимида неча турдаги кадастр хизматлари йўлга қўйилган?
–Бугунги кунда 3 турдаги янги кадастр хизматларини кўрсатиш йўлга қўйилган. Жумладан, Ягона интерактив давлат хизматлари портали, давлат хизматлари марказлари ва нотариал идоралар орқали жами 21 турдаги 3,3 миллиондан ортиқ кадастр хизматлари кўрсатилди. Жумладан, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига асосан 954 мингта кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлар давлат рўйхатидан ўтказилди.
Шундан, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш билан боғлиқ 13 минг 669 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, тегишли чоралар кўрилди.
– Ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олган фуқароларга қандай чоралар кўрилмоқда?
– Бугунги кунда, ер назоратини амалга оширишда Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги ва “Ўзбеккосмос” агентлиги билан ҳамкорликда ишлар олиб борилмоқда. Ер назорати тадбирларида инсон омилини камайтириш мақсадида ягона “E-Yer nazorat” ахборот тизими ишга туширилиб, Бош прокуратура, Олий суд, ИИВ ва “Ўзбеккосмос” агентлигининг ахборот тизимларига интеграция қилинди.
Ҳозирда барча ер қонунбузилишларни назорат қилиш ва уни мантиқий ечимига етказиш ушбу тизим орқали амалга оширилмоқда.
Амалга оширилган ер ва кадастр назорати натижасида 9 минг 462 гектар ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳолатлари аниқланди. Шундан 41 минг 972 та қонунбузилиш ҳолатлари берилган ёзма кўрсатмалар натижасида ихтиёрий бартараф этилди. 21 минг 459 та ер қонунбузилиш ҳолатлари бўйича судларга даъво аризалари киритилди. Жиноят аломатлари аниқланган 2 минг 146 та материал прокуратура органларига киритилди.
Шунингдек, 3 минг 868 та ҳолатда 17,5 минг гектар ердан мақсадсиз фойдаланиш ҳолатлари аниқланиб, ерга бўлган ҳуқуқларни бекор қилиш юзасидан ҳокимликларга 3 минг 849 та (17,5 минг гектар) тақдимномалар ҳамда судларга 19 та (68 гектар) даъво ариза киритилди.
–Тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагидаги фуқароларга ерлар қандай ажратилади?
–Тадбиркорлар ерларни аукцион орқали олишлари мумкин. Ўтган йилда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун 105 мингта бўш ер участкалари “Yerelektron” тизимига киритилиб, 41,6 мингтаси аукционга чиқарилди.
Яна бир маълумот, Президентимизнинг 2022 йил 10 сентябрдаги 373-сон қарорига асосан 253 минг гектар ерларни деҳқон хўжалиги учун танловга чиқариш бўйича берилган топшириқларга асосан ҳокимликлар қарорига асосан 261 минг гектар ерлар захирага қайтарилиб, кадастр идоралари томонидан давлат рўйхатидан ўтказилди.
Бундан ташқари, кадастр идоралари томонидан жами 2 002,5 минг гектар (498 минг гектар сувли) захира ерлар давлат рўйхатидан ўтказилди.
Шундан, “Ўздаверлойиҳа” томонидан 782 минг гектар ер участкалари танловга чиқарилиб, аукционда 615 минг гектар танлов ғолиби аниқланган. “Ўздаверлойиҳа” томонидан танлов ғолиби билан тузилган 822 минг 967 та ижара шартномалари давлат рўйхатидан ўтказилди.
Шу билан бирга, 2 минг 237 мингта бино ва иншоотлар тўғрисидаги маълумотлар UZKAD тизимига ўтказилди.
Қолаверса, 114,2 минг кв.км. аэро ва космик суратга олиш ишлари бажарилди, 103,8 минг кв.км. рақамли ортофотопланлар яратилиб, 70,5 минг кв.км. топографик хариталар янгиланди.
–Ўзбекистонда ўтган йилда қанча ерлар хатловдан ўтказилди?
–Мамлакатимиздаги 29 та туманнинг 5,6 миллион гектар ер майдонлари хатловдан ўтказилиб, 412 та маъмурий-ҳудудий бирликлар чегаралари ҳамда 2 754 та маҳалла чегаралари белгиланди.
Маълумот ўрнида шуни ҳам айтиш жоиз, давлат кадастрлари ягона тизимида жами 16,5 миллионтадан 16,5 миллионтаси донали, 764,2 минг км.дан 562,2 минг км чизиқли ва 56,9 миллион гектардан 54,3 миллион гектар геоахборот маълумотлари умумий ҳисобда 90 фоиз шакллантирилди.
Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонуни доирасида 2 минг 67 та маҳаллада ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкалари ва уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш бўйича хатловдан ўтказиш ишлари амалга оширилади.
Шунингдек, 28 та туманнинг 6,9 миллион гектар ер майдонлари хатловдан ўтказилади. Андижон вилояти мисолида республиканинг 6 та ҳудудида 23 744,6 минг гектар ер ресурсларининг ҳисоботдаги ва амалдаги майдонлари ўртасидаги фарқлари ўрганилади. 13 мингта ноқонуний қурилмалар ва ўзбошимча эгалланган ерлар аниқланиб, уларга нисбатан чоралар кўрилади. 11,4 мингта кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича белгиланган муддатда мурожаат қилмаган субъектларга нисбатан маъмурий чоралар кўрилади.
Қолаверса, 53,3 мингта ер участкалари “Yerelektron” ААТга киритилади.
Шуни ҳам айтиш жоиз, жорий йилда 125 минг кв.км. аэро ва космик суратга олиш ишлари бажарилиб, 105 минг кв.км. рақамли ортофотопланлар яратилади ва 85 минг кв.км. топографик хариталар янгиланади. 21,45 минг нусха топографик хариталар нашр қилинади. 430 та маъмурий-ҳудудий бирликлар чегаралари белгиланади. 2 минг 352 та маҳалла чегаралари белгиланади.
Яна бир маълумот. Шу йилда 6 та янги кадастр хизматлари жорий этилади. Улушдор ва тижорат банки ўртасидаги шартномани давлат рўйхатидан ўтказиш, кўп квартирали уйларни фойдаланишга қабул қилиш, бинонинг ихтисослигини ўзгартириш, кадастр паспортини бериш ва давлат рўйхатидан ўтказиш (композит хизмат), бирламчи кўчмас мулкни банк орқали ипотека шартномасини онлайн рўйхатдан ўтказиш, геофазовий маълумотларни фойдаланувчиларга тақдим этиш кўзда тутилган.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА