Атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш конституциявий мажбуриятимиздир.
Табиатни, ерни асраш, экология мусаффолигини муҳофаза этиш бугунги куннинг энг долзарб масалаларидан бирига айланган. Чунки бутун дунёда экологик муаммолар энг устувор даражага етди. Экологик муаммолар, ўз навбатида, инсон саломатлиги ва генофондига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда.
Шундан келиб чиқиб, юртимизда табиий ҳудудларни сақлаб қолиш, уларни қайта тиклаш, экологик муҳитни яхшилаш, ўсимлик дунёсини кўпайтириш ва ривожлантиришга қаратилган қатор чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. Давлатимиз раҳбарининг тегишли фармони билан бутун мамлакат миқёсида дарахтзорларни кўпайтиришга қаратилган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси ҳаётга татбиқ этилди. Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига муддатсиз даврга мораторий эълон қилинди ҳамда уларни ноқонуний кесганлик юзасидан таъсирчан чоралар белгиланди.
Бу борада янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 62-моддасида ҳам фуқаролар атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбур эканликлари мустаҳкамлаб қўйилди.
Дарҳақиқат, атроф-муҳитни асраб-авайлаш, экологияга зиён етказмаслик ҳар бир инсоннинг она табиат олдидаги бурчи ва вазифасидир. Маълумки, бутун Ер юзида, шу жумладан Ўзбекистонда ҳам аҳоли сони йилдан-йилга ортиб бормоқда. Бу эса инсониятнинг атроф табиий муҳитга, табиатга, ер ва тупроққа бўлган муносабатини янада яхшилашни тақозо этади. Зеро, ҳар бир инсон ўзи яшаётган ҳудуднинг, ҳовлиси, маҳалласи, кўча-кўй, ишхонаси, йўл атрофлари ва бошқа жойларнинг тозалиги, ободонлигига беэътибор бўлмаса, яшилликни асраб-авайласа, чиқиндиларни ён-атрофга ташлаб юбормаса, атроф муҳитнинг табиийлигини сақлашга ҳисса қўшган бўлади.
Афсуски, кўп ҳолларда оддийгина тозаликни сақлашга ҳам эътиборсиз бўламиз. Тўғри келган жойга пиёда ҳолда ёхуд транспортда бўлсин, чиқиндиларни ташлаб кетишга ўрганганмиз. Айниқса, сув ҳавзаларида, чиройли табиат қўйнида ҳам сувнинг, табиатнинг ифлосланиши ҳақида, табиат бойликларига зиён етказмаслик ҳақида ўйлаб ўтирмаймиз...
Шу ўринда қайд этиш лозимки, Ўзбекистон Республикасининг «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Қонуни 12-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси аҳолиси табиий ресурслардан оқилона фойдаланиши, табиат бойликларига эҳтиётлик билан муносабатда бўлиши, экология талабларига риоя этиши шарт. Демак, табиатни асраш, унинг ресурсларидан фойдаланишда эҳтиёткор бўлиш ҳар биримизнинг қонуний мажбуриятларимиз сирасига киради.
Атроф табиий муҳитни асраш бўйича мажбуриятларга ҳамда ер ва тупроқдан фойдаланиш бўйича белгиланган талабларга риоя қилмаслик, албатта, жавобсиз қолмайди. Аввало, бунинг учун табиатнинг ўзи инсондан интиқом олиши тобора англаб етаётган ҳақиқатимиздир. Бундан ташқари, қонунчилигимизда ҳам жавобгарлик белгиланган. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 65-моддасида биргина ерлардан хўжасизларча фойдаланиш ёки уларни яроқсиз ҳолга туширишга оид ҳолатлар бўйича жарималар ўз аксини топган.
Унга кўра, ерлардан хўжасизларча фойдаланиш, объектлар қуриш пайтида унумдор қатламни олмаслик, ер майдонларидан бошқа мақсадларда фойдаланиш, ерларни фойдаланишдан чиқаришга, ҳосилдорлик пасайишига, тупроқнинг бузилиши ёки йўқ бўлиб кетишига олиб келадиган бошқа ҳаракатларни содир этиш, шунингдек, таназзулга юз тутган қишлоқ хўжалиги ерларини консервациялашнинг белгиланган тартибини бузиш каби ҳолатлар фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 7 бараваридан 10 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 15 бараваридан 20 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Бундан ташқари, айни шу моддада белгиланганидек, қишлоқ хўжалиги ва бошқа ерларни яроқсиз ҳолга тушириш, уларни ишлаб чиқариш чиқитлари ва бошқа чиқиндилар, кимёвий ва радиоактив моддалар ҳамда оқова сувлар билан ифлослантириш фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса ўн беш бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Барчамизга маълумки, сўнгги йилларда шаҳару қишлоқларимизда қурилиш-бунёдкорлик ишлари кескин кўпайди. Бу, албатта, бугунги давр талаби, инсоният эҳтиёжи. Аммо қурилиш ишларини олиб бориш давомида шаҳарсозлик талабларига риоя қилиш, атроф-муҳитга салбий таъсирининг олдини олиш лозим бўлади.
Шу ўринда Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти экспертларининг таҳлил натижаларини келтирсак. Гап шундаки, улар томонидан шу йил Ўзбекистонда шаҳарларнинг кенгайиши ҳамда унинг атроф-муҳитга таъсири таҳлил қилинган эди. Ушбу таҳлилларга кўра, қурилиш ишларининг жадаллашуви натижасида яшиллик даражаси 2022 йилда 2017 йилга нисбатан Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманида 26 фоиз, Яккасарой туманида 23 фоиз, Олмазор туманида 33 фоиз, Мирзо Улуғбек туманида 18 фоизга қисқарган. Бундай ҳолатни республиканинг бошқа ҳудудлари мисолида ҳам кузатиш мумкин. Масалан, таҳлил даврида Бухоро шаҳрининг марказий қисмида яшиллик даражаси 37 фоизга қисқарган. Бундан кўринадики, қурилиш ишлари натижасида ҳам табиатга, яшилликка зарар етказилган.
Хулоса ўрнида таъкидлаш лозим, атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш борасидаги конституциявий мажбуриятларимиз, бурчларимиз ҳаётимиз давомида кўз олдимизда гавдаланиши, онгимизда, қалбимизда, амалимизда бўй кўрсатиши лозим. Табиатга, экологияга нисбатан ҳамиша меҳр кўзи билан қараш, борлиқни бор ҳолича асраб-авайлаш ва келажак авлодга безавол етказиш ҳар биримизнинг вазифамиз эканлигини унутмайлик.
Муҳтарама Комилова, ЎзА