Кеча Самарқанд шаҳрида сектор раҳбарлари ва мутасаддилар иштирокида аҳоли учун оммавий сайёр қабул ўтказиб, 600 га яқин мурожаат қабул қилган вилоят ҳокими Э.Турдимов бугун шаҳарда тадбиркорлар билан учрашди.
Тадбиркорларни қийнаётган, уларнинг фаолият бошлашига ёки фаолиятини кенгайтиришига тўсиқ бўлаётган муаммоларни эшитиш ва ечим топиш мақсадида ташкил этилган учрашувда вилоят сектор раҳбарлари, шаҳар ва туманлар ҳокимликлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг вилоятдаги Халқ қабулхонаси ва бошқа тегишли ташкилотлар мутасаддилари иштирок этди.
– Хабарингиз бор ҳар ҳафта душанба куни вилоят савдо-саноат палатасида тадбиркорлар қабули ўтказилади ва унда ҳафта давомида ишбилармонлардан тушган, қабулга қадар ҳал этилмаган масалалар муҳокама этилади, – деди Э.Турдимов.
– Ҳар бир қабулда ўртача 20-30 та мурожаат рўйхатга олиниб, уларга ечим топиляпти. Лекин бугун юртимизда тадбиркорлик учун кенг йўл очилган бўлсада айрим бюрократик тўсиқлар, низоли ҳолатлар учраяптики, бу нуқсонларни тезкор бартараф этишимиз керак. Шу мақсадда бугун сизлар билан учрашиб, дардларингизни эшитишни, муаммоларингизни биргаликда ҳал этишни лозим топдик. Вилоят ҳокими ва бошқа масъуллар тадбиркорлар билан юзма-юз мулоқотда бўлиб, ҳар бир масалага мутасаддилар иштирокида ечим изланди.

Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов қатор муаммолардан азият чекаётган, турли масалалар бўйича мурожаат қилган тадбиркорлар билан юзма-юз мулоқотда бўлди.
Қабул вақтида кўплаб тадбиркорлар ўз муаммо ва таклифлари билан бевосита вилоят ҳокимига мурожаат қилдилар.
Тадбиркор Фаррух Раҳимов Самарқанд шаҳридаги Уста Умар Жўрақулов кўчасида жойлашган бозор яқинида савдо дўкони очган ва банкдан кредит олиб савдо фаолиятини йўлга қўйган. Аммо ўтган йили ҳокимият вакиллари унинг дўкони «снос»га тушганини айтишган. Бугун эса дўкон на бузилади, на фаолият кўрсатади.
Мурожаатни эшитган вилоят ҳокими ушбу масалани ҳал этиш юзасидан Самарқанд шаҳар мутасаддиларига топшириқ берди.

Гулҳаё Зойирова вилоят ҳокимига бундан уч йил олдин Пайриқ тумани Ал Бухорий маҳалласи ҳудудидан аукцион орқали бино сотиб олгани, аммо ҳалигача туман ҳокимлиги бинони унга ажратиб бермаётганлигини билдирди.
Паяриқ тумани ҳокимлиги ва бошқа масъулларга масалани бир ҳафта ичида ҳал этиш топшириғи берилди.
Учрашув давомида тадбиркорлардан 200 га яқин мурожаат тушди. Мурожаатларнинг асосий қисмини тадбиркорлик фаолиятини юритиш ва ривожлантириш учун кредит ҳамда ер майдони ажратиш масалалари ташкил қилди. Шу билан бирга, бир қатор тадбиркорлар ўз фаолиятларида юзага келаётган турли муаммоларни ҳал этиш ва соҳани ривожлантириш бўйича ўз таклифларини ҳам баён қилди.
Муаммоли масалаларнинг аксариятига шу ернинг ўзида ечим топилган бўлса, ўрганиш талаб қиладиган мурожаатларни ҳал этиш учун аниқ муддат белгиланди.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА