Эркинжон Турдимовдан ёрдам сўраб мурожаат қилган онанинг фарзанди шифохонага ётқизилган, аҳволи яхши
А.Бобожонов беморнинг онаси томонидан ўзига йўлланган кейинги аудиоёзувни ҳам бизга тақдим этди.
Ижтимоий тармоқларда фарзандининг иситмаси кўтарилиб, нафас олиши қийинлашаётгани ва тез ёрдамга қўнғироқ қилсада зарур тиббий ёрдам кўрсатилмаётганидан шикоят қилган онанинг вилояти ҳокими Э.Турдимовга видео мурожаати тарқалди.
Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш бошқармасига мурожаат қилганимизда, бу фуқаро Самарқанд шаҳрида яшаши ва айни пайтда бемор А.Мусинов вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилиб, даволанаётганини маълум қилишди.
– 10 июлдан бошлаб беморнинг тана ҳарорати 38 гача кўтарилган ва уй шароитида даволанган, – дейди Самарқанд шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Аҳмаджон Бобожонов. – Лекин жараён поликлиника бўлим бошлиғи томонидан назорат қилиб борилган. 13 июль куни бемор поликлиникада тузилган врачлар томонидан кўрилган ва умумий аҳволи тўғри баҳоланиб, стационарга ётқизилган. Ҳозирда беморнинг умумий ҳолати яхши.
А.Бобожонов беморнинг онаси томонидан ўзига йўлланган кейинги аудиоёзувни ҳам бизга тақдим этди. Унда беморнинг онаси фарзандини дастлаб уйда даволашгани, поликлиника шифокори телефон орқали тавсиялар бериб турганини айтган. Аммо А.Мусиновнинг саломатлиги ёмонлашавергач, видеомурожаат қилишга мажбур бўлганини билдирган.
– Мени тўғри тушунинглар, ахир мен онаман ва фарзандимнинг нафас олишда қийналаётганини кўриб, жим қараб туролмадим, – дейди у.