Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Эркинжон Турдимов сув таъминоти лойиҳасида муаллифлар шошма-шошарликка йўл қўйганини асослаб берди
10:11 / 2019-12-06

Бу лойиҳа туманнинг 65.000 нафар аҳолисини тоза ичимлик суви билан узлуксиз таъминлашни кўзда тутади.


Самарқанд вилояти Қўшработ тумани ичимлик сув таъминотини яхшилаш инвестицион лойиҳаси асосида Қўшработ туманидаги 77 та қишлоқда 55 та ичимлик сув иншоотлари қурилиб, 457 км. сув тармоқлари тортиш назарда тутилган эди. Бу лойиҳа туманнинг 65.000 нафар аҳолисини тоза ичимлик суви билан узлуксиз таъминлашни кўзда тутади.

Самарқанд вилоят ҳокимияти мажлислар залида “Самарқанд вилояти Қўшработ тумани ичимлик сув таъминотини яхшилаш инвестицион лойиҳаси” муҳокамасига доир йиғилиш бўлиб ўтди. 
Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов олиб борган йиғилишда мазкур лойиҳа муаллифлари, буюртмачилар, пудратчилар, шу лойиҳа ижросини халқаро тендер танловида ютган хорижий фирма вакиллари, чет эллик мутахассиcлар, Қўшработ тумани ҳокими Ҳиммат Оқбўтаев, “Коммунхизмат“ агентлиги бош директори Дониёр Муродов, Самарқанд вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси раҳбари Рустам Сатторов, “Сувоқава ДУК” раҳбари Комилбек Юсупов ва бошқа мутасадди раҳбарлар иштирок этишди.

“Самарқанд вилояти Қўшработ тумани ичимлик сув таъминотини яхшилаш инвестицион лойиҳаси” муаллифлари туманда қурилиши режалаштирилган барча сув иншоотлари ҳақида ўзлари тайёрлаб келган чизмалар асосида тушунтириб бердилар.

Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов лойиҳалаш ишларида муаллифлар шошма-шошарликка йўл қўйганларини, тумандаги қишлоқларнинг аҳолиси билан юзма-юз бу лойиҳа муҳокама қилинмаганлигини, айрим булоқ сувини ичиб турган ёки илгари ичимлик суви тизими ишлаб турган қишлоқларга такроран сув таъминоти тизими яратилиши кўзда тутилган ҳолда Зарметан каби аҳолиси ўн минг кишидан ошадиган, аммо ҳалигача ичимлик суви тизими яратилмаган шаҳарчаларни ичимлик суви билан таъминлаш бу лойиҳага киритилмаганини асослаб берди.

photo5424888684257324077.jpg

Соҳа мутахассисларининг ҳам фикрлари эшитилгач, бошлаб қўйилган қурилиш, сув қувурларини ётқизиш ишларини ҳам икки ҳафта муддатга тўхтатиб туришга келишиб олинди.

– Бу муддат ичида мутахассисларни жалб қилиб, туман ҳокими ва вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси бошлиғи раҳбарлигида барча қишлоқларнинг талаб, эҳтиёж ва имкониятларини батафсил ўрганиб чиқасизлар, – деди вилоят ҳокими. – Балки айрим лойиҳаларни бошқа, ҳақиқатдан тоза ичимлик сувига муҳтож қишлоқларга алмаштирарсизлар. Балки олдин кўзда тутилмаган шаҳарча ва қишлоқларни лойиҳага киритарсизлар. 36,6 миллион АҚШ доллари кичкина маблағ эмас ва “Саудия тараққиёт жамғармаси“ ва ОПЕКдан олинаётган бу қарз (кредит) халқнинг пулидан қайтарилади. Халқнинг пули экан, бу пулларни аниқ ва халқ учун манфаатли мақсадга ишлатишимиз зарур. Бугун қурилаётган сув иншоотлари камида ўн йил таъмирсиз, кафолат билан ишлаши зарур. Ана шу жиҳатларини ҳисобга олиб, лойиҳани яна бир бор мукаммал ишлаб, тақдим қиласизлар, халқ билан келишиб уни ижро учун қабул қиламиз.

Каримберди ТЎРАМУРОД