Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Эркинжон Турдимов: Ҳокимлар, сектор раҳбарлари мактабнинг шаклига, директор эса мазмунга жавоб беради
17:10 / 2020-10-27

Самарқанд давлат университети ректори, сенатор Р.Холмуродов мактаб таълими сифатини ошириш учун олий педагогик таълим нуфузи ва аҳамиятини ошириш кераклигини таъкидлади.


Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг бугун ўтказилган ўн олтинчи сессиясида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мамлакатимизда таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони лойиҳаси муҳокама этилди.

Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи С.Усмонов фармон лойиҳаси юзасидан педагоглар, ота-оналар ва кенг жамоатчиликларнинг фикр-мулоҳазалари инобатга олинган ишлаб чиқилган таклифлар ва уларнинг аҳамияти ҳақида депутатларга маълумот берди. Жумладан, мактаб ўқувчилари учун онлайн тизимда ўқув дарсликларини автоматлашган тартибда тақсимлашнинг дастурий таъминотини ишлаб чиқиш, туман ва шаҳарлар марказларида умумий ўрта таълим мактабларига болаларни мактабнинг микроҳудуди бўйича Давлат хизматлари марказлари орқали қабул қилиш, белгиланган муддатларда малака ошириш курсларидан ўтмаган педагоглар билан янги ўқув йилидан бошлаб меҳнат шарномасини бекор қилиш механизми ишлаб чиқиш каби таклифлар билдирилди.

Самарқанд давлат университети ректори, сенатор Р.Холмуродов мактаб таълими сифатини ошириш учун олий педагогик таълим нуфузи ва аҳамиятини ошириш кераклигини таъкидлади.

– Ҳозир мактабга муаллим тайёрлайдиган муаллимларнинг ўзини қайта тайёрлаш керак, – деди Р.Холмуродов. – Педагогик йўналишда мутахассис тайёрлашда сиртқи таълимдан воз кечиш, талабаларни давлат гранти асосида ўқитиш лозим деб ҳисоблаймиз. Нега тиббиёт олийгоҳларида сиртқи таълим йўқ? Чунки инсон саломатлигига масъул шифокорни бундай усулда тайёрлаб бўлмайди. Ёшлар таълим-тарбиясига ҳам ана шундай масъулият билан ёндошадиган бўлсак, педагогик таълимга эътиборни ҳар қачонгидан кучайтириш лозим.

Самарқанд давлат чет тиллар институти ректори, депутат И.Тўхтасинов олий таълим муассасаларида магистрлар тайёрлашининг бир ва икки йиллик ўқитиш тизимини жорий этишни таклиф этди.

Сессияда депутатлар, таълим соҳаси вакиллари ҳам мавзу юзасидан ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирди.

– Мактаб, таълим-тарбия иши бу фақат шу соҳа вакилларининг вазифаси эмас, – деди Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов. – Бунга катта-ю кичик бирдек эътибор қаратиши, мамлакат келажаги, халқ тақдири илм билан, таълим-тарбия билан боғлиқлигини ҳар бир инсон ҳис қилиши лозим. Давлатимиз раҳбари Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан ўтказилган тадбирда таълим тизимини ривожлантириш бўйича ҳокимлар, мутасадди раҳбарлар олдига аниқ вазифалар қўйган эдилар. Фармон лойиҳасида бу ҳам ўз аксини топган. Энди ҳокимлар, сектор раҳбарлари мактабга директорни уришиш, дўқ уриш учун эмас, ёрдам бериш учун бориши керак. Биз мактабнинг шаклига, яъни у ердаги шароитга, директор эса мазмунга, мактаб таълими сифатига жавоб беради.

Сессияда билдирилган таклифлар умумлаштирилиб, Кенгашнинг тегишли қарори қабул қилинди.

photo_2020-10-27_17-12-32.jpg

photo_2020-10-27_17-12-36.jpg