English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Эркинжон Турдимов: кредитни ҳақиқатан ҳам муҳтож йигит-қизларга бериш керак
16:27 / 2020-02-27

Самарқандда Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг тўртинчи сессияси бўлиб ўтди.


Самарқандда Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг тўртинчи сессияси бўлиб ўтди.

Кенгаш раиси, вилоят ҳокими Э.Турдимов бошқарган сессияда вилоятда ёшларнинг бандлик даражасини ошириш ва Президентимиз илгари сурган бешта муҳим ташаббус доирасидаги ишларни кучайтириш масаласи муҳокама қилинди.

Масаланинг долзарблиги боис сессияда туман ва шаҳар ҳокимлари ва сектор раҳбарлари, ҳокимларнинг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари, Халқ қабулхоналари мудирлари, Ёшлар иттифоқи вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари раислари, аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари директорлари иштирок этди. 

Шунингдек, ушбу масалада вилоятда ўрганиш ишларини олиб борган Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси вакиллари ҳамда республика ишчи гуруҳ аъзолари қатнашди.

– Президентимиз 2019 йил 27 декабрь куни ёшлар билан учрашувда 2020 йилда ёшлар масалаларига ҳар қачонгидан кўпроқ эътибор қаратилишини алоҳида таъкидлаган ва бу борада барчамизнинг олдимизда турган вазифаларни белгилаб берган эди, – деди Э.Турдимов. – Хусусан, ёшлар бандлигини таъминлаш, уларнинг ўқиши, касб-ҳунар эгаллаши учун кенг имконият яратиш ҳар бир раҳбарнинг асосий вазифаси бўлиши кераклиги таъкидланганди. Аслида, ўтган йил давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббус ёшлар билан ишлашда асосий дастуриламал бўлиши керак. Тўғри, шундан келиб чиқиб, ҳар бир сектор бўйича режалар, манзилли дастурлар ишлаб чиқилди, муайян ишлар ҳам амалга оширилди. Сектор раҳбарлари ёшлар билан учрашувлар ўтказмоқда. Лекин бу тадбирлар РR учун ўтказилмаслиги керак. Ёшлар билан очиқ, юзма-юз мулоқот қилиш, амалий ишларга қўл уриш лозим. Кўп муаммолар асосан ишсизликдан, ёшларнинг доимий даромад манбаига эга эмаслигидан келиб чиқяпти. Шунинг учун биринчи навбатда ишсиз йигит-қизлар бандлигини таъминлашга эътибор қаратишимиз керак. Бунинг ҳам йўли кўп, изланган, масаланинг ичига кирган раҳбар буни уддалаяпти. Аммо режаларни қоғозда “бажараётган”лар ҳам йўқ эмас. Давлатимиз томонидан кенг имконият яратилиб, “Ёшлар – келажагимиз” дастури ишлаб чиқилди ва ёшларга имтиёзли кредитлар берилмоқда. Афсуски, бунда ҳам камчиликларимиз кўп. Кредитни ҳамма нарсаси етарли бўлган ёшларга эмас, ҳақиқатдан муҳтож йигит-қизларга бериш керак. Ана шунда унинг ҳаёти ўзгаради, эртасига умид пайдо бўлади.

Сессияда вилоятдаги тўрт сектор раҳбари – вилоят ҳокими Э.Турдимов, вилоят прокурори Ф.Зуфаров, вилоят ИИБ бошлиғи Ш.Раҳмонов, вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Ш.Ахмедов ҳам ўз ҳудудида ёшлар бандлигини таъминлаш юзасидан амалга оширилаётган ишлар ва бу йилги режалар ҳақида маълумот берди. 

Кун тартибидаги масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари У.Муҳаммадиев сўзга чиқиб, ушбу йўналишда секторлар томонидан олиб борилаётган ишларни янада кучайтириш, ҳар бир ҳудуд бўйича аниқ манзилли дастурлар асосида иш олиб бориш кераклигини таъкидлади. Амалга оширилаётган ишлар натижадорлигига эришишда жамоатчилик назорати муҳим эканлиги қайд этилди. Жумладан, депутатлардан алоҳида фаоллик талаб этилиши айтилди.