Самарқанд тумани ҳокимлиги мажлислар залида коррупцияга қарши курашиш бўйича вилоят идоралараро комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда вилоят ҳокими Э.Турдимов, сектор раҳбарлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар масъул ходимлари, депутатлар ва фермерлар ҳам иштирок этди.
Йиғилиш Самарқанд туманида ўтказилишининг боиси бор, албатта. Гап шундаки, мазкур тумандаги фермер хўжалик раҳбари Н.Ҳ. танишлари Ш.А. ва ММТП раҳбари Ф.Х. билан жиноий тил бириктириб, Ф.А.га фермер хўжалигидан 4 гектар ер майдонини ажратиб беришни ваъда қилиб, унинг ишончига кириб, туман ҳокимиятида ишловчи мансабдор танишларини манфаатдор қилишини айтиб, 28 минг АҚШ доллари миқдоридаги пулларни фирибгарлик йўли билан олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. Вилоят прокуратурасининг хабарига кўра, мазкур ҳолат юзасидан 2021 йил 29 май куни Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди ва 28, 211-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Э.Турдимов ерларнинг ноқонуний олди-сотдиси билан боғлиқ коррупциявий ҳолатлар кўпаёятганини қайд этиб, яқинда Президентимиз раҳбарлигида ўтказилган селекторда билдирилган фикрлардан барча тегишли хулоса чиқариши кераклигини, “қонун устувор, жазо муқаррар” деган қоида бундан буён қатъий бўлишини таъкидлади. Яқинда ОАВ ва ижтимоий тармоқларда эълон қилинган ва халқнинг нафратига сабаб бўлган самарқандлик фермерларнинг ер сотиш борасидаги “қаҳрамонликлари” барчага сабоқ бўлиши кераклиги айтилди.
– Ер – давлат мулки, биз ундан вақтинча фойдаланувчилармиз. Уни қонунга зид тарзда сотишга, тасарруф этишга ҳеч ким, ҳокимлар ҳам, ерга вақтинча эгалик қилаётган фермер ва тадбиркорлар ҳам ҳақли эмас. Буни ҳеч ким унутмаслиги керак, – деди Э.Турдимов.
Шунингдек, йиғилишда давлат хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси бошлиғи ва вилоят прокурори сўзга чиқиб, аниқ мисоллар билан барчани огоҳликка чақирди.
Йиғилиш якунида масъул мутасаддиларга 1 июлгача тумандаги барча ер майдонларини инвентаризациядан ўтказиб, ердан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини аниқлаш ва уларга чек қўйиш бўйича аниқ топшириқлар берилди.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА