English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Эркинжон Турдимов: Ечимсиз муаммо йўқ, муаммога ечим тополмайдиган раҳбарлар бор
17:22 / 2021-07-29

Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов Самарқанд туманида аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни кенгайтириш, мавжуд муаммоларни аниқлаш ва уларни жойида бартараф этиш мақсадида мутасаддилар ва аҳоли билан учрашув ўтказди.

 Туманнинг “Янги жой” маҳалласида яшовчи София Каримова маҳалла аҳолисини бир неча йилдан буён суви муаммоси қийнаб келаётгани, бу ҳақда масъулларги қайта-қайта мурожаат қилса-да масала ҳал этилмаётганини айтиб вилоят ҳокимидан ёрдам сўради.

 Вилоят ҳокими туман ҳокими ўринбосари ва сув таъминотига масъул идора раҳбарига 10 кун муддатда муаммони ҳал этиш вазифасини топширди.

 Оҳалик маҳалласи аҳолисининг вакили сифатида учрашувда қатнашган Норби Шаропова маҳалладан туман марказига қатновчи микроавтобусларда йўл кира нархи қимматлиги ва бу одамларга қийинчилик туғдираётганини маълум қилди. Шу сабабли ушбу йўналишда автобус қатновини йўлга қўйишни сўради.

 Ушбу масала беш кун муддатда ҳал этилиши айтилди.

 Учрашувда боқувчисини йўқотган ва бунинг устига тақдирнинг аччиқ қисмати туфайли етим қолган невараларини ҳам ўз қарамоғига олган  Қозиқўрғон маҳалласида яшовчи Додар ая уй-жойини таъмирлашда вилоят ҳокимидан амалий ёрдам сўради.

 Э.Турдимов онахонга уй-жойини таъмирлатиш учун эртагаёқ 15 миллион сўм пул ажратилишини айтди.

 Шу куни аҳолидан электр энергияси ва газ таъминоти, бандлик, ер, тиббий хизмат масалалари бўйича мурожаатлар қайд этилиб, уларни ҳал қилиш чоралари кўриб чиқилди.

 – Яқинда давлатимиз раҳбари томонидан аҳоли мурожаатлари билан ишлаш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида қайд этилганидек, бугун одамларни қийнаб келаётган муаммоларнинг аксариятини туманнинг, маҳалланинг ўзида ҳал этса бўлади, – деди Э.Турдимов. – Бунинг учун эса жойлардаги раҳбарлар одамларни эшитиши, халқ орасида бўлиши керак. Самарқанд туманида ҳам аҳоли томонидан билдирилаётган масалаларни шу ерда ҳал этса бўлади. Лекин мурожаатлар билан ишлашда тизимли иш олиб борилмаётгани, мутасаддилар ўз зиммасидаги масъулиятни ҳис қилмаслиги оқибатида муаммолар тўпланиб қолган. Ечимсиз, ҳал этиб бўлмайдиган муаммо йўқ, масалага ечим тополмайдиган, масъулиятсиз раҳбарлар бор холос. Энди бундай ҳолатларга йўл қўйилмайди. Ҳар бир мурожаат юзасидан қатъий назорат ўрнатилади. Айниқса, секторлар раҳбарлари масъулияти оширилади.

 Учрашувда қайд этилган мурожаатлар натижаси ўн кундан сўнг вилоят ҳокими иштирокида муҳокама этилиши белгиланди.

 

 Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА