Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Эркинлик – ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини билиш демак
14:04 / 2022-06-14

Эркинлик – бу субъектнинг ҳолати бўлиб, бунда у ўз ҳаракатларини ўзи белгилайди, яъни унинг хоҳиш-иродаси табиий, ижтимоий, муносабатлараро хусусий омилларнинг ҳеч бири билан чегараланмайди.

Бироқ бунда эркинлик бошбошдоқликни эмас, жамиятдаги муайян тартибни ифодалайди.

Ҳаётда бир кишининг эркинлиги бошқа бировнинг эркинлиги бошланган жойда тугайди деган фикр мавжуд. Замонавий киши ўз эркинлигини намоён қилганда ва ундан фойдаланганда ушбу эркинлик ва унинг ортида турган ҳаракатлар унинг ўзига ҳамда жамиятнинг бошқа вакилларига зарар етказмаслиги лозим.

Немис мумтоз фалсафасининг асосчиси Иммануил Кант эркинлик ва ҳуқуқ-тартиботнинг узвий боғлиқлигини таъкидлаган. Унинг фикрича, инсон бошқа кишига эмас, балки барча учун мажбурий бўлган қонунга бўйсуниши зарур бўлса, у эркиндир.

Айнан шундай эркинлик асосий Қомусимиз – Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ўз аксини топган. Бу йил Конституция қабул қилинганига 30 йил тўлади. Хўш, ўтган даврда ижтимоий-сиёсий ҳаётимизда қандай ўзгаришлар содир бўлди? Қомусимизни тўлдириш, ўзгартиришга нималар туртки бўлди?

Фалсафада ривожланиш, тараққиёт деган тушунчалар мавжуд. Жамият аъзоларининг онги юксалган сари ижтимоий ҳаёт ҳам тараққий этиб боради. 30 йил давомида барча қонунларда юқори турувчи, йўлчи юлдуз вазифасини ўтовчи Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритишга эҳтиёж туғилди. Шу мақсадда Ўзбекистон Конституциясига ўзгартириш киритиш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссия тузилди. Комиссиянинг таркибига жамиятнинг турли қатламларидан, хусусан, депутатлар, сенаторлар, барча ҳудудлардан вакиллар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, етук ҳуқуқшунос, сиёсатшунос ва бошқа экспертлар киритилди.

Конституцияни такомиллаштиришда "Жамият – ислоҳотлар ташаббускори" деган ғоя асосий шиорлардан бири сифатида белгиланиб, эътибор кўпроқ фуқаролик жамияти институтларининг ўрни ва мақомини конституциявий жиҳатдан мустаҳкамлашга қаратилади. Давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиёев 2021 йил декабрь ойи бошида Конституциянинг 29 йиллигига бағишланган тантанали тадбирда сўзлаган табрик нутқида шиддатли равишда ўзгариб бораётган давр талабларига жавоб берадиган мукаммал Конституцияга эга бўлиш учун Асосий қонуннинг янги лойиҳасини тайёрлаш, уни умумхалқ муҳокамасига қўйиб, билдирилган таклифлар асосида такомиллаштириш зарурлигини таъкидлаган эди.

Президент томонидан таклиф этилган ўзгартиришлар орасида қуйидагиларни алоҳида ажратиб кўрсатиш мумкин:

–  илгари амал қилиб келган “давлат – жамият – инсон” тамойилини “инсон – жамият – давлат” деб ўзгартириш, уни миллий қонунчилик ва ҳуқуқий амалиётда мустаҳкамлаш;

–  Бош қомусда оила институтини ривожлантириш, эзгу инсоний қадриятларни келгуси авлодларга безавол етказиш, миллатлараро тотувликни янада мустаҳкамлаш бўйича конституциявий асосларни белгилаш;

–  инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича амалдаги тизимнинг самарасини ошириш мақсадида Конституцияда болалар меҳнатига йўл қўймаслик, ногиронлар, кекса авлод вакилларининг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш масалаларини акс эттириш;

–  Учинчи Ренессанснинг тўрт узвий ҳалқаси бўлмиш боғча, мактаб, олий таълим ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш масалаларини конституциявий даражада мустаҳкамлаб қўйиш.

Бугунги кунда жамиятимизнинг барча ижтимоий фаол фуқаролари, зиёлилар Ўзбекистон Конституциясига киритиладиган ўзгартириш ва қўшимчалар юзасидан ўз фикрларини билдирмоқдалар. Мазкур жараённи самарали ташкил этиш учун “Менинг Конституциям” онлайн платформаси ишга туширилди. Шунингдек, фуқаролар ўз таклифларини маҳаллалар, халқ депутатлари Кенгашлари, 1341 call-маркази, почта, шу жумладан, электрон почта ҳамда Телеграм махсус боти (@meningkonstitutsiyam_bot) орқали юборишлари мумкин.

Мен ҳам фаол фуқаролик позициясига эга киши сифатида ўз фикрларимни билдиришни лозим топдим. Конституциянинг 67-моддаси ОАВга бағишланган ва шундай баён қилинган: “Оммавий ахборот воситалари эркиндир ва қонунга мувофиқ ишлайди. Улар ахборотнинг тўғрилиги учун белгиланган тартибда жавобгардирлар. Цензурага йўл қўйилмайди”. Мен ушбу моддани қуйидаги сўзлар билан тўлдиришни таклиф қиламан: “ОАВ орқали давлат ва жамият яхлитлиги, тинчлиги ва фаровонликка таҳдид солувчи ҳаракатларни амалга ошириш қонун билан тақиқланади ва жазоланади”. Шу билан бирга, буллинг, жумладан, кибербуллингнинг, яъни Интернет, хусусан, ижтимоий тармоқлар орқали инсон шаъни, қадр-қимматини топташ, уни қўрқитиш, таҳдид қилишнинг тақиқланишини ОАВ ҳақидаги ушбу моддага киритиш ёки алоҳида модда сифатида мустаҳкамлаш лозим деб ҳисоблайман.

Шунингдек, оила масалаларига бағишланган XIV бобни аёлларнинг қадр-қимматини топташ, унинг шаънини булғовчи ҳаракатлар қилиш, жисмоний ёки руҳий тазйиқ ўтказиш тақиқланиши ва қонун билан жазоланиши ҳақидаги моддалар билан тўлдирилиши зарур деган фикрдаман. Зеро, бугунги кунда айнан аёлларнинг ўз уйида ёки турмуш қурган оиласида таҳқирланиши ҳолатлари кўплаб учрамоқда. Ушбу ҳолатлар кўпинча ўзбекчилик истиҳоласи туфайли ошкор қилинмаётгани ёки кўпинча жазосиз қолаётганини кузатиш мумкин. Ўзбекистонда айнан аёлларни ҳимоя қилиш, ночор аҳволга тушган хотин-қизларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш мақсадида “Немолчи.уз” дастури ишга тушган. Уларга келиб тушаётган хабарларнинг кўплиги ушбу муаммонинг ўта долзарблигидан далолат беради.

Аёлни улуғлаган, ардоқлаган жамият ҳеч қачон завол топмайди. Чунки аёл бу – она, опа-сингил ва фарзандимиз. Аёллари зиёли бўлган юртнинг келажаги порлоқ бўлади, негаки аёл – фарзанд тарбиячиси.

Шундай экан, Учинчи Ренессансга яхши ниятлар билан қадам қўйган Янги Ўзбекистон жамияти ҳам ўз қарашларини янгилайди, янада инсонпарвар ва бағрикенг қилади деган умиддамиз.

Фарида Умарова,
Ўзбекистон Республикаси 
Жамоат хавфсизлиги университети доценти, педагогика фанлари номзоди.

ЎзА