Наманган шаҳридаги “Уч фаввора” хиёбонида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати Ўзбекистон либерал демократик партияси ташаббуси билан “Эркин ва фаровон, қудратли Янги Ўзбекистонни биргаликда қурамиз!” шиори остида “Ишбилармон аёл – 2024” кўрик-танловининг ҳудудий босқичи ҳамда сайловолди тарғибот тадбири ўтказилди.
Мингдан зиёд тадбиркорлар, фермерлар, таълим ва тиббиёт соҳаси ходимлари, маданият ва санъат соҳаси вакиллари, партия фаоллари ҳамда талаба-ёшлар иштирокидаги мазкур тадбирда, ҳакамлар ҳайъати томонидан танлов иштирокчиларининг тадбиркорлик фаолияти ҳамда маҳсулотлари ярмаркаси ҳам кўздан кечирилди ва муносиб баҳоланди.
Ишбилармон хотин-қизларнинг беллашуви ўзига хос ташвиқот-тарғиботга уланиб кетди. Тадбирда O’zLiDePнинг келгуси беш йилликда барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларни жадаллаштириш йўналишидаги ишларни сифат жиҳатда янги босқичга олиб чиқиш бўйича ўз олдига қўйган устувор вазифалари муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, партия барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлашнинг самарали ечимларини таклиф этмоқда. Хусусан, O’zLiDeP ялпи ички маҳсулот ҳажми 2030 йилга бориб 160 миллиард долларга, аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадни эса 4 минг долларга етказиш, тадбиркорлар сонини уч миллион нафардан ошириш учун барча зарур чораларни кўради.

Қолаверса, касб-ҳунарга ўқитиш кўламини ҳар йили икки баравар ошириб, беш йилда камида бир миллион фуқарога касб ўргатиш, барча туман ва шаҳарларда мономарказларни ташкил қилиш, мактаб битирувчиларига давлат томонидан камида бир касбни эгаллашига кўмаклашувчи тизим жорий этиш каби масалалар ҳам партиянинг диққат марказида бўлади.
– Партиямиз соғлиқни сақлаш соҳасини ривожлантириш бўйича ҳам қатор таклиф-ташаббусларни илгари сурган. Аҳолининг ўртача умр давомийлигини 78 ёшга етказиш ва бюджетдан тиббиётга ажратиладиган йиллик маблағ ҳажмини камида икки бор ошириш устувор вазифамиздир, – дейди O’zLiDeP Наманган вилояти кенгаши раиси, депутат Солижон Мўминов. – Бундан ташқари, келгуси йилларда оналар ва болалар ўлимини камида икки баробарга, онкологик, юрак-қон томир, қандли диабет бўйича эрта ўлимни эса 2,5 баробарга қисқартириш, кафолатланган бепул тиббий ёрдам, “Тиббий суғурта тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш каби мақсадлар ижроси партиямизнинг келгуси беш йилликдаги фаолиятида муҳим ўрин тутади.

Тарғибот тадбирида, O’zLiDeP мактабгача таълимга бўлган эҳтиёжни тўлиқ қондиришни, давлат-хусусий шериклик ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича ўз зиммасига олаётган мақсад-вазифаларнинг аҳамиятига ҳам тўхталиб ўтилди.
“Ишбилармон аёл – 2024” кўрик-танловининг ғолиб-совриндорлари партиянинг пул мукофотлари ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Таниқли санъаткорларнинг куй-қўшиқлари кечага ўзига хос завқ бағишлади.
Тадбир якунида, сайловларда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати Ўзбекистон либерал демократик партиясини қўллаб-қувватлаб овоз беришга чақирилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.