Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Эркин ва фаровон ҳаётимизнинг асоси
12:23 / 2021-08-09

Мустақиллигимизнинг 30 йиллигига

Яна саноқли кунлардан кейин Ватанимиз мустақиллигининг 30 йиллигини нишонлаймиз. Ўйласанг, одамнинг юраги ҳаприқиб кетади. Ахир, муқаддас байрам – энг улуғ, энг азиз байрамимиз. Юртимизда яшовчи ҳар бир инсоннинг озод ва обод яшаши, ҳуқуқ ва эркинликлари, иззат-ҳурмати ва қадр-қимматининг кафолатига айланган миллий мустақиллигимизнинг ўттиз йиллиги!  

Ҳа, халқимиз асрлар давомида орзу қилиб, интилиб яшаган ва ниҳоят ХХ аср сўнггида эришган, мамлакатимиз ҳаёти ва тақдирида туб бурилиш ясаган, том маънодаги буюк, оламшумул воқеа – Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллиги эълон қилинганига ўттиз йил тўлади.  

Очиғи, бу муддат тарих учун жуда катта бўлмасада, халқимиз ҳаётида катта из қолдирди. Чунончи, бу йиллар биз учун фавқулодда ўзгаришлар, тикланишлар, ислоҳотлар, энг муҳими, жафокаш халқимизнинг ўзини, ўзлигини англаш, ўзини, ўзлигини таниш йиллари бўлди.  

Кишини яна бир мамнун этадиган жиҳати, биз истиқлол йилларида Ўзбекистонимизда кўп миллатли халқимиз онг-шуурида, қалбида янгича дунёқараш шаклланишининг ҳам бевосита, ҳам билвосита гувоҳи, айни пайтда бу жараённинг фаол иштирокчисига айландик.  

Зеро, ўз-ўзидан ҳеч бир меҳнатсиз, машаққатсиз бирон натижага эришиб бўлмаганидек, мустақилликни мустаҳкамлаш ҳам осон кечмади. Қанчалик мураккаб ва оғир синовларга дуч келмасин, мард ва матонатли халқимиз, ўзининг мустаҳкам иродасини намоён этиб, мустақиллик йўлига доимо содиқ бўлиб келмоқда. Айниқса, кейинги беш йил ичида ҳаётга татбиқ этилган кенг миқёс ва кўламдаги оламшумул ислоҳотлар самарасида Янги Ўзбекистонда янгича фикрлайдиган, замон талаблари билан ҳамнафас навқирон авлод камолга етди.  

Таъкидлаш жоизки, бугун жаҳон миқёсида “Янги Ўзбекистон” ибораси тилга олинмоқда. Шубҳасиз, бу кейинги йилларда тараққиётнинг мутлақо янги босқичига қадам қўйганимиз, эришаётган залворли ютуқларимизнинг халқаро эътирофидир. Зеро бугунги Ўзбекистон – кечаги Ўзбекистон, халқимиз ҳам кечаги халқ эмас.  

Дарҳақиқат, ўтган йиллар мобайнида қандай муваффақиятга эришган бўлмайлик, бундай ютуқда аввало эл-юртимизнинг салоҳияти ва куч-қудратига таянилди, табиий бойликларимиздан оқилона фойдаланилди, улуғ мақсадлар, ёруғ кунлар сари дадил қадамлар қўйилди.  

Ҳаммамиз кўриб-билиб турибмиз, сўнгги беш йил ичида давлат ва жамият бошқаруви, суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш, мамлакатимизнинг мудофаа қудратини мустаҳкамлаш, ҳақиқий бозор иқтисодиётига ўтиш, коррупцияга қарши аёвсиз кураш олиб бориш бўйича кенг миқёсли ислоҳотлар амалга оширилди. Хусусий мулк ва тадбиркорлик учун янада кенг шароит ва имкониятлар яратиб берилди. Макроиқтисодий барқарорлик таъминланди.  

Биз бугун фахр ва ишонч билан баралла айта оламизки, Ўзбекистондаги демократик жараёнлар энди орқага қайтмайдиган, муқаррар тус олди.  

Ўтган йилдан бери жаҳон миқёсида юзага келган коронавирус пандемияси ва иқтисодий инқироз меҳнаткаш, сабр- бардошли халқимизнинг иродасини яна бир бор жиддий синовдан ўтказди. Халқимиз шундай оғир кунларда ҳам ўзининг сабр-матонати, меҳр-оқибати ва меҳнаткашлигини намоён эта олди, пандемияга қарши қудратли кучга айланди.  

Қаранг, ўттиз йил бурун туғилган қиз чақалоқ бугунга келиб бўй етиб, турмуш қурди, она бўлди; ўғил чақалоқ эр етиб, ота бўлди. Бир сўз билан айтганда, юртимизда Истиқлол даврининг мутлақо янги авлоди шаклланди. Хўш, қандай авлод бўлиб улғайди бизнинг издошларимиз?  

Зеро, мустақил мамлакатимизда ёшларга кенг йўл очиб берилмоқда, уларнинг эҳтиёж ва манфаатларини таъминлаш, қобилият ва истеъдодларини рўёбга чиқариш, ҳаётда ўз ўринларни топишига ёрдам берилмоқда, айнан ёшларга масъул лавозимлар ишониб топширилмоқда. Эл-юртимизнинг юксак эътиборига сазовор бўлаётган ёшлар ўз салоҳиятлари, миллий ғоямизга садоқати билан Ўзбекистонимизни бутун дунёга тараннум этишади, албатта.

Ҳаммамизнинг қалбимизга ҳаяжон соладиган яна бир улуғвор воқелик шуки, Янги Ўзбекистонда мустақиллик шарофати билан янги бир уйғониш – Учинчи Ренессанс даврига пойдевор яратилмоқда. Бу мустаҳкам пойдевор устига қурилажак маҳобатли иншоот бунёдкорлари сизу биз ва,албатта, биринчи навбатда бугунги ёшларимиздир. Улкан тарихий миссияни шараф билан адо этмоқ  ҳаммамизнинг бурчимиздир.  

Ўттиз йиллик буюк Истиқлол даври айрим сарҳисобларининг ўзиёқ оламшумул ютуқларимизнинг кўлами ва миқёсидан шоҳидлик бериб турибди. Жумладан, жамиятда қонун устуворлиги ва судларнинг мустақиллиги таъминланди, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар раҳбарларининг вакиллик органлари ва жамоатчилик олдида ҳисобот бериш тизими йўлга қўйилди, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш борасида туб ислоҳотлар амалга оширилди.  

Шунингдек, мамлакатимизни модернизация қилиш, давлат ва жамият бошқаруви тизимининг сифати ва самарасини янада ошириш, коррупцияга қарши курашиш, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ролини кучайтиришга қаратилган янгиланишлар амалиётга татбиқ этилди. Булардан ташқари, “Инсон манфаатлари – ҳамма нарсадан устун”, “Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” каби тамойиллар асосида фуқароларнинг ижтимоий муаммоларини ҳал этиш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш бўйича улкан натижаларга эришилди.  

Айни пайтда иқтисодиёт либераллаштирилди, иқтисодиёт тармоқларига маъмурий таъсирлар қисқартирилди, рақамли иқтисодиёт жорий этилмоқда, хусусий мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва унинг устувор мавқеини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда, валюта бозори эркинлаштирилди, ҳудудлар ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан комплекс ривожлантирилмоқда.  

“Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади” тамойилини ҳаётга жорий этиш орқали аҳоли тадбиркорликка кенг жалб қилинди, бизнес юритиш шартлари енгиллаштирилди, оилавий тадбиркорлик ва касаначилик, ҳунармандчиликни рағбатлантириш учун янги имкониятлар яратилди. “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”, “Беш муҳим ташаббус”, “Бир миллион дастурчи” каби ижтимоий лойиҳалар ҳаётга жорий этилди, аҳоли бандлигини таъминлаш, унинг реал даромадларини изчил ошириб бориш, таълим-тарбия, илм-фан, маданият, санъат ва адабиёт, спорт соҳалари тубдан ривожлантирилмоқда.  

Жамиятда хотин-қизларнинг ўрни ва нуфузини, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш борасида ҳам катта ютуқларга эришилди. Чунончи, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, оила, оналик ва болаликни ҳар томонлама ҳимоя қилиш, ёш қизларнинг замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллаши учун кўмак ва ёрдам бериш, тадбиркор аёлларни молиявий қўллаб-қувватлаш борасидаги кенг кўламли ишлар амалга оширилди ва ҳоказо. Дарҳақиқат, саноқни узоқ давом эттириш мумкин.  

Айнан мустақиллик шарофати билан дунёга келган, чорак асрдан кўпроқ давр мобайнида изчил фаолият юритиб келаётган, сиёсий майдонда халқчил ва ҳаётий ғоялари билан ўз ўрни ва обрўсига эга бўлган “Адолат” СДП мустақиллигимизни янада мустаҳкамлаш, халқимиз ҳаётини тубдан яхшилаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, қонун устуворлиги ва ижтимоий адолатни таъминлаш, инновацион тараққиётни янада ривожлантириш борасидаги ислоҳотларга ўз ҳиссасини қўшмоқда.  

Партиямиз ўз сайловолди дастурида белгиланган – “Адолат ҳар бир инсон учун!, “Қонун ва адолат устуворлигига эришиш – ҳаракатларимиз мезонидир!” тамойилларини ҳаётга татбиқ этишда жонбозлик кўрсатмоқда. Биз, партия аъзолари, фаоллари, барча даражадаги депутатлар, шубҳасиз, бундан кейин ҳам Ватан равнақи, истиқболи йўлида бор куч-ғайратимизни сарфлаб, пок ниятлар билан фидокорона меҳнат қилишда давом этаверамиз.  

Зуҳра Ибрагимова,  

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари,  

“Адолат” СДП фракцияси раҳбари.