Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Эркин ва фаровон ҳаёт асоси
14:37 / 2023-04-26

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ҳамда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан “Конституция – эркин ва фаровон ҳаётимиз, мамлакатимизни янада тараққий эттиришнинг мустаҳкам пойдеворидир” мавзусида тадбир ташкил этилди.

— Мамлакатимизда очиқлик сиёсатини давом эттириш мақсадида янгиланаётган Конституцияга фаол фуқаролик жамиятини шакллантириш ва жамоатчилик назорати институтини янада ривожлантиришга қаратилган нормалар киритилди,—дейди Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси кенгаши раиси Камолиддин Ишанходжаев. — Хусусан, миллий қонунчилигимизда биринчи маротаба фуқаролик жамияти институтларининг таркиби очиб берилмоқда ҳамда улар фуқаролик жамиятининг асосини ташкил этиши мустаҳкамланмоқда.  

Янги таҳрирдаги Конституциянинг ХIII-боби “Жамоат бирлашмалари”дан “Фуқаролик жамияти институтлари”га ўзгартирилмоқда. Бу Конституциянинг мазкур бобидаги субъектлар доираси кенгайтирилаётганини англатади.    

Илк маротаба фуқаролик жамияти институтларига таъриф берилмоқда: “Фуқаролик жамияти институтлари, шу жумладан жамоат бирлашмалари ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, оммавий ахборот воситалари фуқаролик жамиятининг асосини ташкил этади.  

Фуқаролик жамияти институтларининг фаолияти қонунга мувофиқ амалга оширилади”.  

Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини амалга ошириш, уларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда ижтимоий шериклик дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишдаги иштирокини таъминлаш Ҳукуматнинг энг муҳим вазифалари сифатида белгиланмоқда.  

Таъкидландики, бундай ёндашув Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича олиб борилаётган изчил сиёсатга уйғун ва ҳамоҳангдир. Буларнинг барчаси, шубҳасиз, фуқаролик жамияти институтларининг мамлакатимизни социал-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ривожлантириш ҳамда жамият ва давлат ишларини бошқаришдаги иштироки ва таъсирчан ролини оширади.  

Бинобарин, давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг янада очиқлигини таъминлаш, бошқарув қарорлари қабул қилинишини сифат жиҳатдан янги даражага кўтаришда айнан фуқаролик жамияти институтлари беқиёс аҳамият касб этади.  

Н.Раҳмонова, ЎзА