Қирғизистонда эркин кураш бўйича ўтказилган “PWL-3 World Series” таснифидаги нуфузли халқаро турнир ҳамюртларимиз учун омадли келди.
Эрон, Россия, Мўғулистон, Қирғизистон, Қозоғистоннинг етакчи спортчилари ғолиблик учун баҳс олиб борган турнирда 2 нафар эркин курашчимиз Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилди.
Ўнлаб Олимпия ўйинлари, жаҳон чемпионатлари ғолиб ва совриндорлари қатнашган мусобақанинг 71 килограмм вазн тоифасида юртимиз шарафини ҳимоя қилган Илёс Бекпўлатов саралаш беллашувларида муваффақиятли қатнашди. У финал баҳсида россиялик жаҳон чемпионати совриндори Евгений Жербеев билан рўбарў келди. Шиддатли беллашувда терма жамоамиз аъзоси рақибини 4:2 ҳисобида мағлуб этди.
57 килограммда иштирок этган "Токио – 2020" Олимпиадаси иштирокчиси Ғуломжон Абдуллаев саралаш мусобақаларида Бекпўлатовнинг натижасини такрорлади. Олтин медаль учун баҳсда эса азалий рақиби, Токио Олимпиадаси чемпиони Заур Угуев билан тўқнаш келди. Тенг курашлар остида ўтган беллашувда ҳакамларнинг қарори билан ғолиблик россиялик спортчи фойдасига ҳал этилди. Ҳисоб 3:2 кўринишини олди.
Шу тарзда эркин курашчиларимиз “PWL-3 World Series” таснифидаги нуфузли халқаро мусобақани олтин ва кумуш медаль билан якунлади, – дея хабар бермоқда Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати.
Т. РЎЗИЕВ, ЎзА