Истанбулда спорт курашлари бўйича ўтаётган йилнинг дастлабки рейтинг турнири якунланмоқда.
Мусобақада Токио Олимпиадаси совриндори Бекзод Абдураҳмонов вазнини 12 килограммга кўтариб, 86 килограмм вазн тоифасидаги бронза медалини қўлга киритди. У бронза медали учун кечган беллашувда франциялик Аҳмед Айбуевни мағлуб этди.
Шунингдек, Токио Олимпиадасининг яна бир иштирокчиси Ғуломжон Абдуллаев ҳам ўзи учун янги вазнда илк халқаро мусобақасида кумуш медаль соҳибига айланди. Полвонимиз муросасиз ўтган финал баҳсида ҳиндистонлик Рави Кумарга бир очко фарқи билан имкониятни бой бериб қўйди - 10:11.
Ўзи учун янги 65 килограмм вазнда имкониятини синаб кўрган истеъдодли эркин курашчимиз, ўсмирлар Олимпиадаси ғолиби Умиджон Жалолов мўғулистонлик Тулга Тумур Очирни 5:4 ҳисобида енгиб, Истанбул рейтинг турнирининг бронза медалига сазовор бўлди.
Шу тариқа эркин кураш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Туркиядаги турнирни 1 та кумуш, 2 та бронза медали билан якунлади. Мусобақанинг дастлабки куни юнон-рум курашчиларимиз 3 та олтин, 1 та бронза медалини қўлга киритган эди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА