French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Эркин кураш: Осиё чемпионатида 5 нафар спортчимиз гиламга чиқди, ҳисобимизда битта бронза
19:24 / 2022-04-23

Мўғулистон пойтахти Улан-Батор шаҳрида спорт курашлари бўйича катталар ўртасидаги Осиё чемпионати давом этмоқда.

23 апрель куни эркин кураш баҳсларига старт берилди. Мусобақада Олимжон Ҳикматов бошчилигида 10 нафар спортчимиз Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилишади. Бугун уларнинг тенг ярми Осиё чемпионати медаллари учун баҳсларга киришди.

Бу ҳақда Спортни ривожлантириш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Бугун гиламга чиққан курашчиларимиз: -57 кг: Ғуломжон Абдуллаев, -65 кг: Аббос Раҳмонов, -70 кг: Бегижон Қўлдошев, -79 кг: Жасурбек Усмонохунов, -97 кг: Муҳаммадрасул Раҳимов.

Афсуски, бугун эркин курашчиларимиздан кумуш ёки олтин медаль бўлмади. Улардан уч нафари кечки дастурда бронза медали учун гиламга чиқишди. Катта умид боғланган иқтидорли спортчимиз Ғуломжон Абдуллаев чорак финалда қозоғистонлик Раҳат Калжанга имкониятни бой берди.

“Токио – 2020” Олимпиадасида ўзининг ёрқин иштироки билан мухлислар меҳрини қозонган Ғуломжон Абдуллаев ўтиш учрашувида шри-ланкалик Гаян Мудиянселагедан устун келди. Бироқ бронза медали учун кечган баҳсда қирғизистонлик Алмаз Сманбековга ҳам ютқазди.

Курашчиларимиздан Бегижон Қўлдошев илк даврада Жанубий кореялик Ёнсеок Жеонгга, Жасурбек Усмонохунов эса бошқа бир корейс курашчиси Бумгео Сеога имкониятни бой берди.
Шунингдек, -97 кг вазн тоифасида бронза медали учун кечган беллашувда ҳамюртимиз Муҳаммадрасул Раҳимов қозоғистонлик Мамед Ибрагимовга бир очко фарқи билан (3-2 ҳисобида) имкониятни бой берди.
Ниҳоят -65 кг вазн тоифасида ҳамюртимиз Аббос Раҳмонов бронза медалига сазовор бўлди. У бронза медали учун кечган баҳсда асли келиб чиқиши доғистонлик бўлган, ҳозирда Баҳрайн шарафини ҳимоя қилаётган Ҳожи Муҳаммад Алига қарши гиламга чиқди ва рақибини муддатидан аввал 9-0 ҳисобида мағлубиятга учратди.

Ушбу вазнда олтин медаль эронлик Раҳмон Амоуадхалилига насиб этган бўлса, Ҳиндистон вакили Бажранг кумуш медалга сазовор бўлди. Ҳамюртимиз Аббос Раҳмонов ҳамда Япония терма жамоаси аъзоси Кайки Ямагучилар мусобақани бронза медали билан тугатишди.

Шу тариқа эркин кураш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Осиё чемпионатининг дастлабки кунги беллашувларини битта бронза медали билан якунлади.

ЎзА