Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Эркин Комилов: Санъатдан узоқлашиш, маърифатдан узоқлашишдир
11:51 / 2022-07-21

Ҳар бир санъат ихлосмандларига Эркин Комилов номи таниш. Унинг исмини эшитган кишида беихтиёр актёр ижро этган самимий роллари гавдаланади.

- Йиллар оқар сув каби ўтиб кетяпти, - дейди Ўзбекистон халқ артисти Эркин Комилов. - Мана шу тез ўтар замонда киши ўзидан нимадир қолдириши керак экан. Ортга қарасам, озми-кўпми яхшиликлар қилибмиз. Яхши роллар ижро этибмиз. Энг асосийси, халқ юрагидан жой эгаллабмиз. Бир актёр учун бундан ортиқ бахт бўлмаса керак. Санъат вакили сифатида кўп нарсаларни бошимиздан ўтказдик. Нуқсон ва камчиликлардан хулосалар чиқаришни ўргандик. Устозлар ўгитига амал қилдик, каттароқ иш бошласак тажрибали кишилардан маслаҳат олдик. Бугун негадир ёшларда ана шу хислат камдек туюлади. Айниқса, санъат оламидаги ёшларда. Гўё ўзлари ҳаммасини амаллайди, ўзларида барча билим-кўникма етарли. Аммо олган фильмлари ҳаминқадар. Ўйнатган актёрлари ярми яроқсиз. Бундай фильмлар бир марта кўришдан бошқасига ярамайди. 

Эркин Комилов қарийб ярим асрдан ошиқроқ вақт мобайнида театр ва кинода турли характерга эга роллар яратиб келмоқда. У шунчаки роль ижро этмайди. У фильмлардаги образида яшайди. Унинг комик ролларини кўриб самимий куласиз, драматик роллари сизни ўйга толдиради, йиғлатади. Актёрнинг театр саҳнасида яратган роллари ҳам такрорланмас. У сўзга бой, саҳнадаги ҳар қанлай ноқулай вазиятдан чиқиб кета олади. Доим асардаги образнинг мазмун моҳиятини англаган ҳолда роллар ижро этади. 

- Актёрда ҳам кўнгил бор, - дейди Эркин Комилов. - Театрга бораётганда томошабин бир даста гул олса, ёки томошадан сўнг роль ҳақида актёрга самимий тилаклар изҳор этса, ижодкорнинг боши осмонга етади. Ҳозир санъатда ана шу эътибор камдек наздимда. Замонавий театрлар қурилган, унда томоша кўриш завқли. Авваллари, совуқ ва қоронғи театрларда роллар ижро этардик, томоша залларида одамлар қалтираб бўлсада спектакль томоша қиларди. Уйида бир бурда нони бўлмаса ҳам оилавий театр томошаларига боришарди, авваллари Тошкентга келган инсон театрга тушмасдан қайтмасди. Ҳозирчи, одамлар тўқ, тўй-ҳашамга ўч бўп кетди. Тирикчилик кетидан қувиб маънавий ҳордиқ олишга интилаётгани камайиб кетяпти. Театр ибратхона, деб бекорга айтишмаган. Шундандир, жамиятда ақлга сиғмас жиноятлар, ваҳшийликлар урчиди. Санъатдан узоқлашган киши маърифатдан узоқлашади. 

Малумот ўрнида, Эркин Комилов 1946 йил 20 июль Андижон вилоятида таваллуд топган. 1968 йил Островский номидаги Тошкент Театр ва рассомчилик институтини (ҳозирги Маннон Уйғур номидаги Тошкент Давлат санъати институти) тамомлаган. 

Актёр "Меҳнат шуҳрати" ва "Фидокорона хизматлари учун" орденлари соҳиби. 

Эркин Комилов "Юзсиз"," Тилла бола",  "Тақдир зарбаси",  " Гирдоб",  "Сарвиноз",  " Суюнчи",  "Баракасини берсин,",   " Виждон",   "Толиққан кўнгиллар ойга талпинар",   " Соғинч соҳили",  "Гумроҳлар"," Ўгай она" , "Сув ёқалаб" ,"Диёнат",  "Мариф ва Шариф",  " Қисмат",  "Темир эркак",  " Тугун",  "Тақдир",  " Шайтанат" ,  "Улфатлар 1,2,3",  " Ибрат" каби жуда кўплаб фильмлардаги роллари, шу билан бирга 500 дан ортиқ фильмлардаги дубляж ишлари орқали томошабинлар меҳрини қозонган.   

76 ёшни қоралаган актёр бугун отахон театрлардан бири Ўзбек миллий академик драма театрида фаолият юритмоқда. 



Д.Маматова, ЎзА мухбири