Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Эркин Байдаров: жадидлар йўқ қилинган бўлсада, уларнинг ўлмас ғоялари халқнинг қалбида қолди
17:35 / 2023-12-12

Тошкентда ўтказилган “Жадидлар: миллий ўзлик, истиқлол ва давлатчилик” мавзусидаги халқаро илмий конференцияда АҚШ, Германия, Нидерландия, Озарбайжон, Туркия, Швеция, Ўзбекистон, Қирғизистон, Қозоғистон ва Япония сингари мамлакатлардан таниқли олимлар қатнашди.

Конференцияда иштирок этган Рамазан Сулейменов номидаги Шарқшунослик институти профессори (Қозоғистон)  Эркин Байдаров билан суҳбатлашдик.  

– Конференция жуда юқори савияда ва кайфиятда ўтди,  – деди Э. Байдаров. – Президент Шавкат Мирзиёевнинг конференция иштирокчиларига мурожаати нафақат табрик, балки олимлар олдига янги вазифалар қўйгани билан янада аҳамиятли бўлди.  

Айтиб ўтиш керакки, жадидчилик ҳаракати Марказий Осиё халқлари ҳаётида жуда муҳим ўрин тутган. Жадидлар эркинлик учун, ўз халқининг озодлиги, Туркистон мустақиллиги йўлида жонларини қурбон қилган.  

Халқни илм-маърифатга бошлаш учун улар жадид мактабларига асос солган. Минтақамизда илк газеталар улар томонидан чоп этилди. Халқни маърифатга бошлаш йўлида улар илк театр ва музейлар очилишида бош-қош бўлиб, халқнинг нафақат маърифий, балки маданий ҳаётида ўзгариш ясашга интилганлар.  

Жадидчилик ҳақида сўз борар экан, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдурауф Фитрат, Абдулҳамид Чўлпон, Абдулла Авлоний каби алломалар бу ҳаракатда асосий ролларни ўйнаганини эътироф этиш керак.  

Туркистон мухториятини шакллантиришда улар муҳим ўрин тутган. Бу минтақада демократик давлатни шакллантиришдаги илк тажриба бўлди ва тарихда қолди. Афсуски, бу узоққа бормади. Жадид зиёлилар бирин-кетин совет ҳукумати томонидан қатағон қилинди. Лекин жадидларнинг ўлмас ғоялари, интилишлари халқнинг қалбида қолди.

Бугун дунё олимларини бир жойга жамлаган конференцияда жадидлар тарихи, унинг илмий тадқиқ этилиши билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди. Бу эса жадидчиликка оид янги изланишларга туртки бўлади. Чунки изланишлар ҳеч қачон бир жойда тўхтаб қолмайди. Сафимизга кириб келаётган ёш авлод бу мавзуни ўз нуқти назари билан яна ўрганади, таҳлил қилади.  

Туркистон халқлари тарихини биз билишимиз, унга ҳурмат билан муносабатда бўлишимиз учун ҳам мана шундай конференцияларнинг аҳамияти жуда катта.

Норгул Абдураимова,

Даврон Эрназаров (расм), ЎзА