10-12 май кунлари Қўшработ туманида “Қўшработ навоси-2025” республика бахшилар танлови ҳамда “Қўрғон достончилик мактаби ва Эргаш Жуманбулбул ўғли мероси” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди.
Тадбирларда таниқли бахшилар, Туркия, Хитой ва Қозоғистондан келган санъатшунослар ҳамда Ўзбекистонда бахшичилик йўналиши ривожига ҳисса қўшиб келаётган олимлар, шоир ва ёзувчилар, маданият ходимлари, кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди.
Фестивалнинг очилиш маросими Қўрғон қишлоғидаги Эргаш Жуманбулбул ўғли музей мажмуасида халқ сайли тарзида бошланиб, кечки пайт Жўш истироҳат боғида катта концерт дастури билан давом этди.
Самарқанд вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи А.Бобоев тадбир қатнашчилари ва меҳмонларни табриклаб, юртимизда бахшичилик санъати анъаналарини давом эттириш учун яратилаётган имкониятлар ҳақида гапирди. Эргаш Жуманбулбул ўғли куйлаган достонлар бугун ҳам ёш бахшилар томонидан куйлаб келинаётгани таъкидланди.
“Қўшработ навоси-2025” республика бахшичилик танловида 10-17 ёш, ҳамда 18 ва ундан катта ёшдаги бахшилар достонлардан парчалар ҳамда термалар куйлади.
[gallery-23298]
– Танловда республикамизнинг турли ҳудудларидан келган 71 нафар бахши иштирок этди, – дейди Ўзбекистон халқ бахшиси Расул Умиров. – Ҳар бирининг ўзига хос овози, йўналиши бор. Шунинг учун ҳам биз, ҳакамлар ҳайъатига танлов ғолибларини аниқлаш осон кечмади. Танлов баҳона тажриба алмашилди, маҳорат дарслари ташкил қилиниб, янги овозлар, янги истеъдодлар кашф этилди.
Туманнинг Пангат қишлоғидаги сой бўйида фестиваль иштирокчилари учун сайил уюштирилди. Тоғлар бағрида жойлашган дам олиш масканларида қадим қадриятларимиз акс еттирилган маданий чиқишлар, миллий таом - бодом оши, тут шинниси ва қоқининг тайёрланиш жараёнлари меҳмонлар эътиборини тортди.
– Кўп давлатларда бўлганман,–- дейди туркиялик санъаткор Арзу Ай. – Лекин Ўзбекистон бошқача, айниқса, бугун фестиваль ўтаётган Қўшработ туманининг мусаффо ҳавоси, таомларининг мазаси, одамларининг меҳмондўстлиги таҳсинга лойиқ. Ҳудудларда ўтаётган фестиваль доирасидаги қайси тадбирга борсак, ўзбек бахшиларининг термаларини тингладик, тажриба алмашдик.
“Қўрғон достончилик мактаби ва Эргаш Жуманбулбул ўғли мероси” мавзусидаги конференция фестивалнинг асосий, муҳим тадбирларидан бири бўлди. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти, Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейи ҳамда туман ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда фольклоршунос олимлар, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, тадқиқотчилар иштирок этди.
Анжуманда “Қўрғон достончилик мактаби”, “Бахшичилик санъатининг янги даврдаги тараққиёти”, “Эргаш Жуманбулбул ўғлининг бой маънавий мероси ва унинг хорижий давлатларда ўрганилиши” каби мавзуларда маърузалар ўқилди.
Фестиваль доирасида “Уч авлод учрашуви”, “Ёш рассомлар ижодий танлови”, ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаси, от спорти мусобақаси, улоқ-кўпкари ва бошқа маданий-маърифий тадбирлар ўтказилди.
Танлов ғолиблари, фаол иштирокчилар диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари