Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Эрганакли аҳолиси Конигил тажрибасини ўрганди
18:34 / 2025-02-17

Самарқандда аҳоли бандлигини оширишга қаратилган туризм ўқув курслари ташкил этилди.

Жорий йилда Самарқанд вилоятида туризм салоҳияти юқори бўлган 14 та маҳаллага туризм қишлоғи (маҳалласи) мақомини бериш, 53 та маҳаллада янги хизматларни йўлга қўйиш, 264 та меҳмон уйи ва бошқа туристик жойлаштириш воситаларини яратиш кўзда тутилган. Бу борада ҳар бир маҳалланинг имкониятларидан келиб чиқиб, дастурлар, йўл хариталари ишлаб чиқилиб, амалий ишларга киришилган.

Белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида вилоят туризм бошқармаси туман ва шаҳарлар ҳокимликлари билан ҳамкорликда туризм соҳаси бўйича ўқув курслари ташкил этмоқда. 

Навбатдаги шундай кўргазмали амалий семинарда Булунғур тумани Эрганакли маҳалласи вакиллари қатнашди. 

– Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 29 ноябрда қабул қилинган Самарқанд вилоятида инвестиция ва тадбиркорлик муҳитини янада ривожлантириш ҳамда аҳолининг турмуш даражасини яхшилашга доир қарори билан тасдиқланган дастурда Булунғур тумани Эрганакли маҳалла фуқаролар йиғинига “туризм қишлоғи” мақомини бериш белгиланган – дейди Булунғур тумани ҳокими ўринбосари А.Бўрибоев. – Мазкур лойиҳани самарали амалга ошириш ва илғор тажрибалар билан танишиш мақсадида Эрганакли маҳалласи еттилиги, туризм соҳасида ишлаш ниятидаги фуқаролар, тадбиркор ва ҳунармандларни вилоятимизнинг етакчи туризм марказларидан бири бўлган Самарқанд туманидаги “Конигил” туризм қишлоғи ҳамда “Samarkand-Bukhara Silk Carpets” гилам фабрикасига олиб келиб, уларнинг тажриба ўрганишларига имконият яратдик. Вилоят туризм бошқармаси мутахассислари ва соҳа масъуллари томонидан фуқароларимизга зарур тавсия ва маслаҳатлар берилди. 

Булунғурликлар Конигил туризм қишлоғидаги ҳунармандчилик устахоналари, меҳмон уйлари, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари фаолияти билан яқиндан танишди, сайёҳларни жалб қилиш учун қайси жиҳатларга эътибор қаратиш зарурлиги бўйича билим ва кўникмаларга эга бўлди.

Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири