Маълумки, Кадастр агентлигининг асосий вазифаларидан бири ер ва кадастр назорати тадбирларини амалга ошириш ҳисобланади. Ердан фойдаланиш ва хусусийлаштиришнинг ўзига хос тартиб-таомиллари аниқ белгиланган бўлса-да, қонун талабларини четлаб ўтиб, ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳолатлари, афсуски, ҳали ҳамон учраб турибди.
Ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олишнинг ҳуқуқий оқибатлари хусусида Кадастр агентлигининг Тошкент шаҳар бошқармаси бош юрисконсульти Акобирхон Аҳмедов қуйидагиларни гапириб берди:
– Ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкасига, шунингдек, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган, қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкасида барпо этилган ҳар қандай бино ва иншоотларга нисбатан мулк ҳуқуқини ёки бошқа мулкий ҳуқуқларни белгилашга йўл қўйилмайди, бундан қонунда назарда тутилган ҳоллар мустасно.

Ер участкасини ўзбошимчалик билан эгаллаган, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган, қурилиш учун ажратилмаган ер участкасида қонунга хилоф қурилиш объектини барпо этган шахслар инсофли мулкдор деб тан олинмайди.
Ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкаларидаги қонунга хилоф қурилиш объектларини сув таъминоти, оқова сув, электр, иссиқлик энергияси ва газ тармоқларига улаш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 60-моддасининг иккинчи қисмига кўра ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, шу жумладан, ушбу ер участкаларига нисбатан қонуний ҳуқуқлари мавжуд бўлмаган ҳолда улардан фойдаланиш — фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баравари, мансабдор шахсларга эса — 70 баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган, ажратилган ер участкасига туташ бўлган ва туташ бўлмаган ер участкаларида қурилиш ишларини амалга ошириш — фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 баравари, мансабдор шахсларга эса — 400 баравари миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига кўра суғориладиган ер участкаларини уларда қурилиш ишларини амалга оширган ҳолда ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш — базавий ҳисоблаш миқдорининг 400 бараваридан 600 бараваригача миқдорда жарима ёки 5 йилдан 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Хабарингиз бор, бугунги кунда “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонун ижроси доирасида хатлов ишлари олиб борилмоқда.
Айрим фуқароларимизнинг қонун талабларини нотўғри талқин қилиши сабабли “қурилиши мавжуд бўлса, ҳуқуқ эътироф этилар экан”, деб бўш ерга иморат қураётганлар ҳам учраб турибди. Ҳозир ноқонуний қурилиш қилсам, “бу уйни 5-10 йил олдин қурганман деган иддао билан ҳужжатлаштириб оламан” қабилида иш тутаётганлар адашмоқда. Сабаби, Кадастр агентлиги томонидан ерларнинг ҳолатини ўрганиш бўйича космик съёмкалар, хариталар бор. Улар ёрдамида 5-10 йил, ҳатто 20 йил ортга қайтариб текшириш мумкин.
ЎРҚ-937-сонли қонунда 2018 йил 1 май санасига қадар якка тартибдаги уй-жой қуриб ўзбошимчалик билан эгалланган ер ҳамда ундаги бино-иншоотларга нисбатан ҳуқуқлар кўриб чиқилиши, шунингдек, ҳуқуқларни эътироф этишнинг асосий шартлари кўрсатиб ўтилган. Агар қурилма белгиланган даврдан кейин қурилган бўлса, бундай қурилмалар тегишли ташкилотлар хулосасига кўра бартараф этилади.
Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари уларга ғайриқонуний равишда эгалик қилинган ва фойдаланилган вақтда қилинган сарф-харажатлар қопланмаган тарзда тегишлилигига кўра қайтарилади.
Ер участкаларини фойдаланиш учун яроқли ҳолатга келтириш, шу жумладан, ундаги иморатларни бузиш ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олган шахслар ҳисобидан амалга оширилади.
Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасини ер эгасига, ердан фойдаланувчига, ер участкаси ижарачисига ёки мулкдорига қайтариш тегишли туман, шаҳар, вилоят ҳокимининг қарорига биноан ёки суднинг ҳал қилув қарорига кўра амалга оширилади.
Фуқароларимиз шуни яхши тушуниб етишлари керакки, ер билан боғлиқ содир этилган қонунбузилиш ҳолатларини яшириб бўлмайди. Ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаганлик ҳолатларига қарши кескин курашишда қонун устуворлиги албатта, таъминланади.
Гулноза Бобоева, ЎзА