Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ерга эгалик — ҳуқуққа эга бўлиш демакдир (+видео)
18:57 / 2025-08-22

Жиззах вилоятида “Ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкалари ва уларда қурилган биноларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги 937-сонли Қонун ижросини таъминлаш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу жараён нафақат ҳуқуқий, балки ижтимоий адолат нуқтаи назаридан ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.

2024 йил 5 август куни Президентимизнинг имзоси билан қабул қилинган мазкур қонун асосида юртимиз бўйлаб, хусусан Жиззах вилоятида ҳам кадастр хатлови ишлари изчил давом эттирилмоқда. Жараённи кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида Давлат кадастрлари палатаси ва Кадастр агентлиги ташаббуси билан Зомин туманида оммавий ахборот воситалари ва блогерлар учун пресс-тур ташкил этилди.

Кадастр агентлиги томонидан тасдиқланган махсус режа-график асосида 2024–2025 йилларда вилоятдаги барча маҳаллаларда кадастр хатлови ўтказилиши белгиланган. Ҳозиргача Жиззах вилояти бўйича 30 минг 700 дан ортиқ кўчмас мулк объекти хатловдан ўтказилган. Шулардан 28 минг 313 та ҳужжат UZKAD дастурига киритилган, 17 минг 244 та объект эса “Эътироф” автоматлаштирилган тизими орқали расмийлаштирилган.

Халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессиялари орқали 316 нафар фуқаронинг мулк ва ижара ҳуқуқлари расман эътироф этилган. Шунингдек, 14 минг 520 та объект муҳокама жараёнида бўлиб, 1307 таси эълон қилинган.

Пресс-тур давомида биз Зомин тумани Навбаҳор маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаро Шокир Абдишукуровнинг қонун халқ орасида катта мамнуният билан қарши олинганини таъкидлаганига гувоҳ бўлдик.

— Бу қонунни халқимиз кўп йиллардан бери кутиб келаётганди, — дейди Шокир Абдишукуров. — Мен оилам билан 2007 йилдан буён 11 сотих ерда яшаб, шу жойга қурилиш қилганман. Аммо фақат 6 сотихинигина ўз номимга расмийлаштириб, ушбу майдонга меъёрдаги солиқни тўлардим, қолган 5 сотих учун эса 3 баробар кўпроқ солиқ тўлаб келаётгандим. Эндиликда кадастр ходимлари келиб, барча ҳудудни ўлчаб чиқишди ва Ўзбекистон Республикасининг 937-сонли Қонуни асосида еримни тўлиқ расмийлаштириб беришди. Энди бу ер менинг қонуний мулким ва ҳеч қандай ортиқча солиқ тўламаслик ҳуқуқига эга бўлдим. Бундан жуда мамнунман. Шунинг учун ана шундай халқпарвар қонунни қабул қилган Президентимизга, кадастр ходимларига ва барча масъулларга ўзим ва бутун оилам номидан чуқур миннатдорчилик билдираман.

[gallery-24914]

Шу ўринда барча хатлов ишлари якунига етгач, фуқароларни тўлов масаласида хабардор этиш мақсадида Кадастр агентлиги томонидан SMS-хабарномалар юборилганини ва бугунги кунгача вилоят бўйича 193 нафар фуқарога бундай ахборотлар етказилганини қайд этиш лозим.

— Ер участкаси учун тўлов ҳудудларга қараб турлича ҳисобланади, — дейди Кадастр агентлиги матбуот хизмати раҳбари Неъмат Отамуродов. — Масалан, Тошкент шаҳрида базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари, вилоят марказларида 3 баравари, бошқа шаҳарларда 2 баравари, қишлоқ жойларда эса 1 баравари миқдорида бир марталик тўлов амалга оширилади. Афсуски, бу жараёндан ноқонуний фойда кўришга уринаётган “ишбилармон” кимсалар ҳам йўқ эмас. Фуқароларни бундай шахсларнинг ёлғон ваъдаларидан эҳтиёт бўлишга чақирамиз. Кадастр ходимлари хонадонларга хатлов ўтказиш учун борганида, ҳеч қандай тўлов талаб қилинмаслигини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчимиз.

Пресс-тур давомида Давлат кадастрлари палатаси Жиззах вилояти бошқармасининг бошлиғи Санжар Қодирқуловнинг таъкидлашича, жорий йилда 101 та маҳаллада хатлов ишлари ўтказилиши режалаштирилган. Хатлов ишлари икки босқичда — дала ва камерал шаклда амалга оширилмоқда.

Дала ишлари жараёнида кўчмас мулк объектлари ўлчаниб, конструктив элементлар ва ер участкасининг аниқ чегаралари белгиланади, топографик ускуналар ёрдамида электрон хариталар тузилади. Камерал жараёнда эса жамланган маълумотлар таҳлил қилиниб, ахборот тизимларига киритилади. Мазкур пресс-тур жараёнида буларнинг барчасига ўз кўзимиз билан гувоҳ бўлдик.

— Айрим ҳолатларда кадастр ходимларининг иши қийинлашмоқда, — дейди Санжар Қодирқулов. — Масалан, уй эгаларининг хонадонда бўлмаслиги, фақат болалар ёки аёллар бўлиши, ходимларни уйга киритмаслик ҳолатлари учраяпти. Шу сабабли, хатлов жараёнида бир маҳалладаги ишлар якунланмасдан, бошқасига ўтиб бўлмайди. Бу эса вақтинчалик кечикишларга сабаб бўлмоқда.

Дарвоқе, фуқаролар ўз маҳаллаларида хатлов ишлари қачон ўтказилишини “kadastr.uz” веб-сайти орқали осонгина билиб олишлари мумкин. Агар маҳалла номи рўйхатда бўлмаса, у 2025 йилдан кейинги босқичга киритилган бўлиши мумкин. Лекин мамлакатимиздаги ҳеч бир ҳудуд эътибордан четда қолмаслиги тадбир давомида алоҳида таъкидланди.

Ўзбекистон Республикасининг юқорида зикр этилган 937-сонли Қонуни — бу фақат ҳуқуқий ҳужжат эмас, балки халқ фаровонлигига қаратилган, юз минглаб оилалар тақдирига дахлдор муҳим қарор ҳисобланади. У фуқароларнинг мулк ҳуқуқини қонуний асосда таъминлаш билан бирга, уларнинг ҳаёт сифати, турмуш даражаси ва иқтисодий барқарорлигига ҳам ижобий таъсир кўрсатмоқда.

Пресс-тур якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан атрофлича жавоблар олди.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/j_sYDoRVGOQ" title="Yerga egalik — huquqqa ega bo‘lish demakdir" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

А. Қаюмов, Ж. Ёрбеков (видео, сурат) ЎзА мухбирлари