Ўрмон ёнғинлари коронавирус пандемияси ва терроризм каби халқаро миқёсда таҳдидга айланди, деди Туркия президенти Режеп Таййип Эрдўғон.
"Ўрмон ёнғинлари — бу халқаро таҳдид, уни COVID-19 пандемиясига, ҳатто терроризм таҳдидига тенглаштирса бўлади", - деди Туркия етакчиси A Haber телеканалига берган интервьюсида.
Унинг таъкидлашича, бутун дунё ўрмон ёнғинлари таҳдидига дуч келмоқда. Ўрмонлар АҚШда, Канада, Россия, Испания, Италия, Африка мамлакатларида ёнмоқда, бу ҳолат иқлим шароитлари билан боғлиқ.
"Мен Россия президенти Владимир Путин билан гаплашдим. У ёнғин ўчоқларини ўчириш учун учта самолёт ва тўртта вертолёт жўнатди. Бу бирдамлик. Озарбайжон президенти Ильхам Алиев яна битта самолёт-анфибия жўнатиши ҳақида хабар берди", - деди Туркия президенти.
Эрдўғоннинг қўшимча қилишича, охирги саккиз кунда Туркияда 187 та ўрмон ёнғини пайдо бўлди. Ҳозиргача уларнинг катта қисми бартараф қилинди. 15 та ёнғин ҳали ҳам давом этмоқда, уларни ўчиришда 20 та самолёт ва 51 та вертолёт иштирок этмоқда.