БАА ахборот агентлиги – “WAM” хабар беришича, Президент Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён туркиялик ҳамкасби Режеп Таййип Эрдоған билан телефон орқали мулоқот қилди.
Томонлар умумий манфаатга доир қатор минтақавий ва халқаро масалалар, хусусан Фаластин ҳудудидаги вазиятни кўриб чиқдилар. Ғазода зудлик билан ўт очишни тўхтатиш, бегуноҳ аҳолини қоидага мувофиқ ҳимоя қилиш муҳимлигини таъкидладилар. Урушни тўхтатишга қаратилган саъй-ҳаракат, Туркиянинг фаластинликларга гуманитар ёрдам етказиш ва тинчликни таъминлаш йўлидаги қадамлари муҳокама қилинди.
Ол Наҳаён минтақада барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш, икки давлат ечимига мувофиқ, адолатли, кенг қамровли тинчлик уфқини топиш зарурлигини айтиб, БМТ Иқлим ўзгариши бўйича доиравий конвенцияси (CОР28) иштирокчилари анжумани натижаси, халқаро иқлим ҳаракати йўналишида эълон қилинган тарихий “БАА келишуви”нинг аҳамиятига тўхталди.
Эрдоған минтақада тинчликни таъминлаш учун Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва Араб давлатлари лигаси қўшма саммитида қабул қилинган қарорларни пухталик билан амалга ошириш, бирлик руҳида қўллаб-қувватлашни ошириш ташаббусини давом эттириш лозимлигини билдирди.
Муҳаррама Пирматова,
ЎзА