Туркия етакчиси Режеп Таййип Эрдоған 14 май куни бўлиб ўтадиган президентлик сайловларида ғалаба қозонишига ишонч билдирди.
,,TRT TÜRK” телеканали эфирида амалдаги давлат раҳбари ,,Ғалаба сари кетяпмиз, майдонлардан олинган маълумотлар шундан далолат бермоқда. Ижтимоий сўровлар ҳам буни тасдиқламоқда”, деди.
Президентлик сайловларида Эрдоған ва мухолифат етакчиси Камол Қиличдорўғлининг асосий рақиб бўлиши кутилмоқда.
Айни пайтда маҳаллий сиёсатшунослар Туркиядаги сайловларнинг икки босқичда ўтишини тахмин қилишмоқда.
Шунингдек, Эрдоған маҳаллий телеканаллар орқали чиқишида ўзини яхши ҳис этаётгани ва ўтган ҳафта бироз роҳатсизликдан кейин сайловолди кампаниясини давом эттиришга тайёр эканини таъкидлади.
“Қисқа муддатга митинглар ўтказишни тўхтатдик, мана энди уларни тўла қувват билан давом эттирамиз”, деди президент.
26 апрелга ўтар кечаси Эрдоған “Kanal 7” телеканалига интервью бераётган чоғида ўзини ёмон ҳис қилади. 20 дақиқадан кейин эфирга қайтиб, журналистлар билан суҳбатни давом эттиради.
Врачларнинг тавсиясига биноан эртасига “Аккуй” атом электростанцияси очилиши маросимида видеоалоқа тарзида иштирок этади.
Ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситаларида Эрдоғаннинг соғлиғи билан боғлиқ жиддий муаммолар борлигини ёзишади. Ҳокимият томонидан расмий равишда бу хабарлар рад этилади.
ЎзА